"The Guardian": Исроил қадимий "Сулаймон ҳовузлари"ни назоратга олишга уринмоқда
“The Guardian” нашрининг хабар беришича, Исроил Ғарбий соҳил устидан назоратни тўлиқ қўлга киритиш мақсадида Байтилаҳм шаҳри яқинида жойлашган қадимий “Сулаймон ҳовузлари” кичик сув омборини эгаллашга уринмоқда.
Жорий йилнинг май ойида Исроил молия вазири Бецалель Смотрич ушбу ҳудуд устидан фаластинликларнинг эгалигини белгиловчи 30 йиллик келишувларни бекор қилишини эълон қилганидан сўнг, ушбу жойда Исроил ҳарбийлари ва кўчманчиларининг ҳаракати фаоллашди.
Таъкидланишича, 1995 йилдаги Осло шартномасига кўра, бу маскан Фаластин маъмурияти назорати остидаги ва дахлсиз ҳисобланган “А” зонасига тегишлидир. Исроил молия вазири эса буни ўша пайтдаги “даҳшатли хато” деб атамоқда.
Экспертлар фикрича, ҳовузларнинг тортиб олиниши халқаро келишувларни бутунлай барбод қилади. Милоддан аввалги II асрга оид бўлган ушбу қадимий ҳовузлар тизими дастлаб римликлар томонидан Қуддусни сув билан таъминлаш учун барпо этилган бўлиб, кейинчалик Усмонийлар ва инглизлар томонидан кенгайтирилган.
Айни пайтда бу жой Исроил аҳоли пунктлари қуршовида қолган Байтилаҳм аҳли учун чўмилиш, балиқ овлаш ва дам олиш имконини берувчи ягона маскан ҳисобланади. Исроил томони ушбу мажмуани “яҳудийлар мероси” деб даъво қилиб, унинг номини шоҳ Сулаймон билан боғлашга уринмоқда. Бироқ археологлар бу даъвони рад этишди, чунки шоҳ Сулаймон ҳовузлар қурилишидан 800 йил аввал яшаб ўтган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА