Тез тиббий ёрдам сифати янада ошади
Ангор туманида Республика тез тиббий ёрдам маркази Сурхондарё вилояти филиали Ангор тумани тез тиббий ёрдам станциясининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, ҳудудларда бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Тиббиёт ходимларининг сифатли, тезкор хизматлар кўрсатиши учун яратилаётган шароитларга эътибор қаратилди.


Янги бинони қуриб, ишга тушириш учун "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси орқали овоз тўпланиб, 1 миллиард 340 миллион сўм маблағ қўлга киритилган эди. Мазкур маблағни мақсадли сарфлаш эвазига бино тез ва сифатли бунёд этилиб, жиҳозланди. Чақирув бригадалари малакали тиббиёт ходимлари билан таъминланган муассасада аҳолига тезкор, самарали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилди.



Тадбир якунида замонавий бинода иш бошлаган тез тиббий ёрдам станциясига “Volkswagen Caddy” русумли янги тез тиббий ёрдам машинаси топширилди.

Маросимда Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири