Техник тартибга солиш соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ошмоқда
Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази IQNet халқаро сертификатлаш тармоғида ассоциялашган аъзо мақомига эга бўлди. Бу ҳақда IQNet томонидан тегишли хулоса эълон қилинди.
Қайд этилишича, мазкур мақом марказга IQNet фаолиятида кенг қамровли иштирок этиш, халқаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса миллий техник тартибга солиш тизимини халқаро талаблар асосида такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш учун муҳим қадам ҳисобланади.
Маълумот учун, IQNet халқаро сертификатлаш ташкилоти 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, бошқарув тизимларини сертификатлаш соҳасидаги энг йирик халқаро тармоқлардан бири ҳисобланади. Ташкилотнинг штаб-квартираси Швейцариянинг Берн шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда IQNet тармоғи дунёнинг 36 та етакчи мамлакатларида фаолият юритаётган нуфузли менежмент тизимлари сертификатлаштириш органларини бирлаштиради.
Айни пайтда IQNet доирасида дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларида 310 мингдан зиёд сертификат расмийлаштирилган бўлиб, бу жаҳон бозорининг қарийб 30 фоизини ташкил этади. Шунингдек, тармоқ 30 дан ортиқ тилларда аудит ўтказиш имконига эга бўлган 17 мингдан зиёд халқаро аудитор ва экспертларни қамраб олади.
IQNet аъзолари қаторида Испания, Франция, Германия, Япония, Хитой, Корея Республикаси, Туркия, Швейцария ҳамда бошқа қатор давлатларнинг нуфузли сертификатлаштириш органлари мавжуд.
Мутахассислар фикрига кўра, IQNet тармоғига қўшилиш Ўзбекистонда жорий этилган менежмент тизимларининг халқаро бозорларда тан олинишини кенгайтиради, мамлакатнинг Глобал сифат инфратузилмаси индексидаги мавқеини яхшилайди. Шу билан бирга, ушбу қадам халқаро стандартлар асосида ишлай оладиган малакали кадрларни тайёрлаш, ташқи савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва ишлаб чиқарувчи ҳамда истеъмолчилар ўртасидаги ишончни оширишга хизмат қилади.