Тест жараёнларининг шаффоф ва холис ўтказилиши таъминланди
Бухоро вилоятида бугун бошланган 2026/2027 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига кириш тест синовларига барча шароитлар юқори даражада ташкил этилди.
Жараённинг очиқлиги, шаффофлиги ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида барча тест ўтказилаётган бинолар замонавий видеокузатув камералари билан тўлиқ жиҳозланди. Шунингдек, тест жараёнларини test2026.uz интернет сайти орқали онлайн кузатиш имконияти яратилгани жамоатчилик назоратини кучайтириш ва жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тест синовларини ташкил этиш ва бошқариш ишларига Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг малакали мутахассислари жалб этилган. Бундан ташқари, агентлик томонидан танлов асосида саралаб олиниб, шартнома тузилган 114 нафар гуруҳ назоратчиси ҳамда 4 нафар сурдотаржимон тест жараёнларининг белгиланган тартибда ўтишини таъминламоқда. Сурдотаржимонларнинг жалб этилиши ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун тенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.
[gallery-30407]
Тест синовларини белгиланган тартиб ва хавфсизлик талабларига мувофиқ ўтказиш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва иштирокчилар хавфсизлигини таъминлаш учун Ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар хизмати ҳамда тез тиббий ёрдам бригадалари доимий хизмат олиб бормоқда.
Олий ва касбий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг адолатли, шаффоф ва холис ўтказилиши ҳар бир ёшнинг билимига муносиб баҳо бериш, уларнинг келажакдаги таълим йўлини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА