Термизда “Янги нафас” ғолиблари маълум бўлди
Термиз шаҳрида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган “Янги нафас” спорт мусобақасида беш мингдан ортиқ етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган сурхондарёлик иштирок этди.

Марафонга старт берилган Алишер Навоий кўчасидаги “Surxon arena" спорт мажмуасида бўлиб ўтган тантанали тадбирда сўзга чиққанлар йиғилганларни “Наврўз” умумхалқ байрами билан табриклаб, мусобақа иштирокчиларига муваффақият тилади. Кўп минг йиллик тарихга эга байрамнинг миллий қадрият ва урф-одатларимизни кенг тараннум этиш ҳамда халқимиз орзу-умидларини руёбга чиқаришдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Воҳада янгиланиш ва яшариш байрами олдидан ўтказилган марафонга алоҳида тайёргарлик кўрилиб, мусобақа қатнашчилари учун барча шароит яратилди. Уларнинг хавфсиз, эркин югуриши учун беллашувга старт берилган Алишер Навоий кўчасидан "Болажон боғи"и ҳудудидаги финишгача бўлган уч километр масофада ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Қатнашчиларнинг йўл ҳаракати, жамоат тартиби, ёнғин ва бошқа хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чоралар кўрилди.

Марофоннинг эркаклар ўртасидаги мусобақасида Алиакбар Алланазров маррага биринчи бўлиб етиб келди. Беҳзод Равшанов иккинчи, Абдулазиз Қурбанқулов учинчи ўринни эгаллади. Хотин-қизлар ўртасидаги беллашувда биринчи ўрин Динара Анваровага насиб этди. Умида Тошмирзаева ҳамда Моҳино Рўзиева иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритди.
Ғолиблар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, “Энг кекса иштирокчи”, “Энг ёш иштирокчи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА