Термизда янги ихтисослаштирилган мактаб фойдаланишга топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Термиз шаҳридаги Мангузар маҳалласида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб Термиз филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Замонавий таълим мажмуаси 504 ўринли ўқув биноси, 222 ўринга мўлжалланган ётоқхона ва спорт залидан иборат. Бу ерда 5–11-синф ўқувчиларига информатика, математика, физика ва инглиз тили фанлари чуқурлаштирилган дастур асосида ўқитилади.
[gallery-31052]
Янги таълим масканида ўқувчиларнинг фанларни пухта ўзлаштириши, иқтидорини ривожлантириши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиши учун зарур шароитлар яратилган. Ётоқхонанинг мавжудлиги эса бошқа ҳудудлардан келиб таҳсил оладиган ўқувчилар учун қўшимча қулайлик яратади.
Янги мажмуанинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, соҳа мутасаддилари, фахрийлар, устоз-мураббийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Шу куни видеоконференцалоқа орқали вилоятнинг туман ва шаҳарларида яна 35 та умумтаълим мактаби ҳамда 13 та мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида 11 минг нафар ўқувчи ва 1,5 минг нафар тарбияланувчи учун замонавий таълим-тарбия шароитлари яратилди.
Таълим соҳасидаги бундай янгиланишлар ёш авлоднинг сифатли билим олиши, замонавий касб ва кўникмаларни эгаллаши, иқтидорини эркин намоён этиши учун янги имкониятлар очмоқда.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган мазкур таълим масканлари юртимизда ёшларга, уларнинг билим олиши ва камол топишига қаратилаётган эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА