“Термиз халқаро савдо маркази”да қандай имтиёзлар мавжуд?
“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида мамлакатимиз ва хорижлик 150 дан ортиқ тадбиркор билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ва “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси раҳбарияти ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда вилоят давлат солиқ бошқармаси, марказий банк, транспорт бошқармаси ва ДХХ чегара қўшинларининг масъуллари ҳам иштирок этди.

Очиқ мулоқотда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи И.Ғуломов эркин савдо марказида фаолият бошлаётган хорижий ҳамда маҳаллий тадбиркорларга мамлакатимизда хусусий секторни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, мазкур ҳудудда яратилган қулайликлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Божхоначиларнинг эркин савдо зонасига товарларни олиб кириш ва марказ ҳудудидан олиб чиқиш ҳамда божхона тартиботлари бўйича тақдимотлари намойиш этилди.
Президентимизнинг “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ товарлар эркин савдо зонасига кириб келгандан сўнг божхона тўловлари тўланмасдан омборга жойлаштирилиб, “Ягона дарча” тамойили асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказилади. Товарлар дўконларга чакана савдо тартибида сотилади. Божхона назорати остидаги товарларнинг савдоси эса QR кодли чеклар асосида амалга оширилади.

Учрашувда, шунингдек, солиқ, банк, транспорт логистикаси ва чегара соҳасида тақдим этилаётган қулайлик ҳамда имтиёзлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.
“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида дўкон олиб фаолият юритиш, ишлаб чиқариш маҳсулотларини харидорларга улгуржи ва чакана нархларда сотиш масалалари тўғрисида ҳам фикр алмашилди.

Тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири