Термиз ва Хайрабодда ибратли ҳарбий оилалар аниқланди
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Термиз гарнизонида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласиман!” шиори остида “Ибратли ҳарбий оила” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Танловда ҳарбий хизматчиларнинг оилалари “Оилам – менинг бахтим”, “Мен уддабурон оила бекасиман”, “Фарзандим – дилбандим”, “Санъатим – саодатим” шартларида беллашиб, саҳнада ўз маҳоратларини кенг намойиш этди.
Ватан посбонлари оилалари ўртасида анъанавий ўтказиб келинадиган танлов ҳарбийлар оилаларининг ижодий салоҳияти, юксак интеллектуал қобилияти ва ахлоқий фазилатларини кенг тараннум этиб, ҳар тарафлама ибратли оилаларни кашф этиш ҳамда уларни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Танловда иштирок этган оилалар ҳар бир шартга хизмат бурчини бажараётган ҳудуднинг миллий урф-одатлари ва анъаналари, куй-қўшиқлари уйғунлигида тайёргарлик кўргани ва кўпминг йиллик қадриятларимизга ҳурматлари чексиз эканини намоён этгани барчада катта қизиқиш уйғотди.
Кўрик-танлов якунида фахрли биринчи ўринни кичик сержант Умиджон Каримовлар оиласи эгаллади. Иккинчи ўрин сержант Илҳом Жулбековлар, учинчи ўрин кичик сержант Ҳусниддин Ўраевлар оиласига насиб этди.
Шунингдек, Хайрабод гарнизонида ўтказилган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласиман!” шиори остидаги “Ибратли ҳарбий оила” кўрик-танлови ҳам қизиқарли саҳна кўринишларига бой бўлди.
Ғолиб ва совриндор юртимиз қўриқчилари оилаларига ҳарбий қисм командирларининг диплом ҳамда эсадлик совғалари топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири