Терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларида тадбиркорлар эркинлиги кафолатлари таъминланади
Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департамент раҳбари Д.Қодиров раҳбарлигида тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, соҳада прокурор назоратини таъминлаш, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари мобайнида уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган видеоселектор тарзида йиғилиш бўлиб ўтди.
Кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда Президент Администрациянинг масъул ходими, Бош прокурор ўринбосарлари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғининг, Мажбурий ижро бюроси директорининг ва Ички ишлар вазирининг соҳавий ўринбосарлари, тегишли бошқарма бошлиқлари, Ҳарбий ва Транспорт, вилоят ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, туман (шаҳар) прокурорлари ва ички ишлар бошқармаси ва бўлими бошлиқлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар иштирок этди.

Йиғилишда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар, амалиётдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик борасида масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари давомида тадбиркорлик субъектларининг эркинлиги кафолатларини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш борасида кўрсатма ишлаб чиқиш белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА