Тергов ҳибсхонасидаги ҳолат ўрганилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гулнора Абдувоҳидова томонидан Андижон вилоятидаги тергов ҳибсхонасидаги ҳолат, мазкур муассасада сақланаётган шахслар учун яратилган шароитлар ўрганилди.
Юртимизда ҳар бир фуқаронинг у ким бўлишидан қатъи назар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Бош қомусимиз ва бошқа қонун ҳужжатларида қатъий белгилаб қўйилган. Хусусан, тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, муаммоларини бартараф этиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Дастлаб, муассасада сақланаётган шахсларнинг қариндошлари билан учрашиш хонаси, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотлари бериш, муассасага ташриф буюрувчиларга рухсатнома ёзиб бериш ҳамда кутиш залини ўз ичига олган бино кўздан кечирилди. Бинода фуқаролар учун зарур барча шароитлар яратилганлиги маълум бўлди.
Жараёнда тергов ҳибсхонасига ташриф буюрган фуқаролар билан суҳбатлашилди, уларнинг фикрлари ўрганилди. Бундан ташқари, ҳибсхона ошхонаси ўрганилганда ошхонада маҳсулотлар сифатли сақланаётганлиги, ишловчилар санитария-гигиена қоидаларига амал қилаётганликлари, овқатлар белгиланган нормалар асосида тайёрланаётгани кузатилди.
Жараёнда муассасада сақланаётган шахслардан кузатув камераларидан холи жойларга ўрнатилган, тегишли тартибда муҳрланган “Омбудсман қути” ларига 12 мурожаат тушганлиги маълум бўлди. Мурожаатлар муаллифлари билан суҳбатлар ўтказилди, 10 нафар фуқаронинг мурожаати суд жараёнларига тааллуқли бўлганлиги сабабли бу ҳақида уларга ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилди. Бир нафар маҳбусга тиббий ёрдам кўрсатилди, яна бир маҳбуснинг адвокат кўмаги масаласи ижобий ҳал этилди.
Ўрганиш якунлари бўйича муассаса масъулларига тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА