Тергов ҳаракатлари қонун доирасида олиб борилмоқда...
Тошкент вилояти Паркент туманида фуқаро бошқа бир фуқарони пичоқлаши билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларга кенг муҳокама қилинди.
Жумладан, тармоқ фойдаланувчилари ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари қонунчиликда белгиланган тартибда олиб борилмаётганини иддао қилади. Хўш, бу қанчалик асосли?
Вилоят ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси мазкур ҳолатга муносабат билдириб, тергов ҳаракатлари қонун доирасида олиб борилаётганини маълум қилди.
Жумладан, ИИББ муносабатида “2020 йил 4 февраль куни соат тахминан 22:00 ларда Тошкент вилояти Паркент туманида 28 ёшли М.Ш. (аёл) ишдан қайтаётиб, Соғбон кўчасининг бошида ўзига нотаниш бўлган 22 ёшли А.Т. билан туртилиб кетади ва ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик сабабли ёнидаги очилиб ёпиладиган пичоқ билан А.Т. нинг чап томон кўкрак соҳасига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган ва ҳодиса жойидан яширинган. Оқибатда А.Т. га шифохонада кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.Ш.га нисбатан Паркент тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳодиса тафсилотлари: олиб борилган тезкор суриштирув ишлари жараёнида мазкур жиноят ишига гумондор сифатида 1991 йилда туғилган Паркент туманида яшовчи М.Ш.нинг хонадонига Паркент туман ИИБ ҳудудий профилактика инспектори И.Мирзаев ҳамда ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари бориб, унинг отаси И.Қ. иштирокида М.Ш. билан суҳбатлашиб, суҳбат жараёнида М.Ш. ҳақиқатан ҳам кўчада ўзига нотаниш бўлган шахс билан жанжаллашиб қолиб, уни кўкрак қисмига ўзи билан биргаликда ўзини ҳимоя қилиш мақсадида олиб юрган очилиб ёпилувчи пичоқ билан уриб, тан жароҳати етказганлигини айтганидан сўнг, ўз хоҳиши билан туман ИИБга ходимлар билан бирга келган. Шу куннинг ўзида М.Ш. ўз ихтиёри билан А.Т.га тан жароҳати етказган пичоқни тақдим этган.
Шунингдек, олиб борилаётган тергов жараёнлари аудио ва видео ёзувларга қайд қилиниб борилмоқда. Мазкур жараёнларда гумонланувчига нисбатан ҳақорат, дўқ-пўписа ва қонун бузилиш ҳолатлари содир этилмаган.
Ижтимоий тармоқларда важ қилиб келтирилган қарши тараф адвокати Х.Қуттибоевнинг ушбу жиноят ишига умуман аралашмагани ва алоқаси йўқлиги маълум қилинади”, дейилади.