ТерДУ энергия мустақиллигига эришди
Қарор ва ижро
Субҳидамда этни жунжиктирадиган кузнинг салқин шабадаси ва дов-дарахтларда сарғайиб ерга тушаётган япроқларнинг сокин шивирлаши юртимизга яна қорли-қировли кунлар келишидан дарак бермоқда. Совуқ ҳавода электр энергиясига тушадиган юкламалар ортиши кутилмаган носозликларни келтириб чиқармаслигига кафолат бериб бўлмайди. Бу масалада ўтган қишдаги изғиринли кунлар ҳам халқимизга жиддий сабоқ бўлди.

Хўш, бу йилги қиш фаслида муассаса, ташкилот ва корхоналарда, хизматлар кўрсатиш нуқталарию, аҳоли хонадонларида электр энергияси тақчиллигига чек қўйиш имконияти мавжудми?
– Агар истак, ҳафсала бўлса, зарур маблағ сарфланса, албатта, мавжуд экан, – дейди Термиз давлат университети ахборот хизмати раҳбари Гулруҳ Менглиева. – Бу масаланинг қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш орқали жуда осон ҳал этилишига гувоҳ бўлдим. Шу йўл билан университетимиз тўлиқ энергия мустақиллигига эришди. Буни жорий этган юридик ва жисмоний шахсларга имтиёзлар берилган. Эҳтиёждан ортиқча энергияни сотиб, қўшимча даромад топиш имконияти ҳам яратилган.

Жанубдаги вилоятнинг энг йирик олий таълим муассасасидаги ҳамкасбимнинг ишончли оҳангдаги бу сўзларидан англадимки, университет қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиб, синовдан ўтказган. Мутахассисларида бўлажак қиш қаттиқ совуқ кечса ҳам, қуёш панелларининг панд бермаслигига қатъий ишонч ҳосил бўлган.
Мутасаддиларнинг айтишича, Термиз давлат университети Президентимизнинг жорий йил 16 февралдаги "2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида дастлаб биноларга қиймати 11 миллиард 220 миллион сўмлик 1 минг 20 кВт қувватга эга бўлган қуёш панелларини ўрнатишни белгилаб олган. Бироқ режага ўзгартиш киритиб, университет ва унинг қошидаги таълим муассасаси биноларига қуввати 1 минг 500 кВт бўлган 2 минг 738 дона қуёш панели ўрнатган. Бунинг учун 16 миллиард 191 миллион сўм маблағ сарфланган.

–Ўтган қишнинг совуқ ва ёзнинг жазирама иссиқ кунларида электр энергиясидаги узилишлар бизни ҳам, талабаларимизни ҳам андак беҳаловат қилиб қўйган эди,–дейди Термиз давлат университети бош энергетиги Латиф Тўрақулов.– Қуёш панелларини ишга туширганимиздан сўнг кўнглимиз анча хотиржам тортди. Чунки, ҳудудда қурилма учун йилнинг тўрт фаслида ҳам ишончли қуёш нури бор. У ишлаб чиқараётган энергия ўзимизники. Ўрнатилган барча қуёш панеллари Божхона қўмитасининг "Яшил энергия" платформасига киритилди. Эҳтиёждан ортиқча электр энергиясини сотиш учун маҳаллий энергетиклар билан шартнома ҳам тузиб қўйдик. Хуллас, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалаларимиз ечимини топди. Ҳа, айтганча ўтган қисқа даврда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига эҳтиёжимиздан ортган 54 минг кВт электр энергияси сотилди.

Таҳлилларга кўра, олий таълим муассасаси биноларига қуёш панелларини ўрнатиш бир кунда 7,2 минг кВ/т, бир ойда 214,5 минг, бир йилда эса 2 миллион 609 минг кВт қувватда 2 миллиард 265 миллион сўмлик электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятини яратди. Ёки йилига 2 миллиард 265 миллион сўм миқдоридаги маблағ иқтисод қилинадиган бўлди.
Мамлакатимизнинг ерости ва ерусти бойликларидан оқилона фойдаланилиб, ҳар йили янги-янги замонавий корхоналар бунёд этилаётгани, сўнгги йилларда тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга катта иштиёқ билан ёндашаётгани, янги турар жой бинолари, ижтимоий соҳа иншоотлари қад ростлаётгани электр энергиясига бўлган талабни янада оширмоқда. Шунингдек, айрим ҳудудлардаги эскирган электр узатиш тармоқлари, юқори ва паст кучланишли трансформаторлар қишнинг совуқ, ёз фаслининг жазирама иссиқ кунларида ортиқча юкламаларни кўтаролмай тармоқдан узилиб қолиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Бу жараёнда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш муаммога ечим топишнинг энг мақбул йўлига айланмоқда. Электр энергияси билан боғлиқ вазиятни чуқур англаган юртдошларимиз қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатиб, ташкилот, муассаса ва хонадонларда энергия тақчиллигига чек қўймоқда.
Соҳа мутасаддиларининг маълум қилишича, вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 700 та ижтимоий соҳа объекти ва давлат идораларига 13,10 MВт қувватли, 2 минг 760 аҳоли хонадонига 7,26 МВт қувватга эга қуёш панели ўрнатилди. Иккита кўп қаватли янги уй замонавий қуёш панеллари билан жиҳозланди. 637 тадбиркорлик субъекти 7,5 MВт қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдалана бошлади.
Сурхондарёликлар учун қуёш панели энг қулай ва ишончли электр манбаи. Йилнинг тўрт фаслида ҳам воҳага қуёш нур таратиб туради. Табиат инъом этган бу бойликдан оқилона фойдаланиш учун Термиз давлат университетидаги ҳамкасбим айтганидек, истак ва ҳафсала билан зарур маблағни сарфлаш керак, холос.
Ҳа, айтганча, ушбу мақола тайёрланаётганида Термиз давлат университети ахборот хизмати раҳбари Гулруҳ Менглиева қўнғироқ қилиб, олий таълим муассасаси Термиз шаҳридаги 1,5 гектар майдонда яна 1000 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатганини маълум қилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири