Теракзорда ёшлар бандлиги таъминланмоқда
Ҳозирги кунда ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва тадбиркорликка йўналтириш давлатнинг энг муҳим устувор вазифаларидан бирига айланган. Шу билан бирга, ёшлар етакчиларининг ташаббуслари билан уларнинг имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий фаоллигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.
Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида жойлашган Теракзор маҳалласига ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда Гулистон тумани ҳокимлиги масъул ходимлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
[gallery-23165]
Пресс-турнинг илк манзили Ҳарбийлар кўчасидаги Дилшодбек Яхшиликовнинг хонадони бўлди. У ёшлар етакчиси кўмагида 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, 600 та бедана ва 100 та товуқ боқиш орқали ўзининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Дилшодбек бугунги кунда фаолиятини кенгайтириб, инкубация маркази ташкил этди ва айни пайтда ўртача 10 миллион сўмга тенг ойлик даромадга эга.
У 100 та товуқдан кунига 60-70 дона, беданалардан эса 200 тадан зиёд тухум олиб, маҳаллий бозорларга етказиб бермоқда. Бу фаолияти орқали нафақат оиласи иқтисодиётини мустаҳкамлашга, балки маҳаллада янги иш ўринларини яратишга ҳам кўмаклашмоқда.
Дилшодбек келгусида қуёнчиликни ҳам ривожлантиришни режалаштираётганини таъкидлади.
Пресс-турнинг кейинги манзили Сахово кўчасида истиқомат қилувчи 2-гуруҳ ногирони Наргиза Тажибаева хонадони бўлди. Наргиза ёшлар етакчиси томонидан берилган субсидия асосида “Жаноме” тикув машинасини олиб, хона шароитида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйди. У ўзининг меҳнатсеварлиги ва ҳаётга бўлган муҳаббати туфайли бошқаларга намуна бўлиб, мустақил даромад топмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири