Тендерда фақат ҳалоллик ютади
Жиззах вилоятида жорий йилда марказлашган маблағлар ҳисобидан қурилиши режалаштирилган иншоотларга бош пудратчиликка талабгор бўлган қурилиш ташкилотларидан 9 таси тендер танловидан чиқарилди.
Жиззах вилоятида жорий йилда марказлашган маблағлар ҳисобидан қурилиши режалаштирилган иншоотларга бош пудратчиликка талабгор бўлган қурилиш ташкилотларидан 9 таси тендер танловидан чиқарилди.
Жумладан, Ғаллаорол ва Арнасой туманларида давлат санитария эпидемиология назорат марказларининг вакцина сақлаш омборхона иншоотларини қуриш бўйича ўтказилган тендерда қатнашиш учун ҳужжат тақдим этган иккита масъулияти чекланган жамияти танловда иштирок этишдан маҳрум этилди. Бунга уларнинг корхоналаридаги ишчилар сони ҳисоботларда тўлиқ акс эттирилмагани ҳамда ҳисоботларда бажарилган ишлар ҳажмини сунъий кўпайтириб кўрсатиш ҳолатлари аниқлангани сабаб бўлди.
Танлов қатнашчиларни бундай аниқлаш вилоятда марказлашган маблағлар ҳисобидан қурилиши режалаштирилган объектлар учун ўтказиладиган тендерда Давлат солиқ хизмати ходимлари ҳам иштирок этишлари туфайли юз берди. Энди пудратчиликка талабгорларнинг солиқ тўловчи сифатидаги ҳисоботлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 10 январдаги «2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ вилоятда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 259,7 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишларини бажариш режалаштирилган. Бу бунёдкорлик ўз навбатида бюджетга салмоқли даромад манбаи ҳамдир.
Шунинг учун солиқ тўловлари бўйича талабгор зиммасига қўйилаётган талаблар ҳалол қурувчиларни танлаш имконини беради. Солиқларни ҳалол ва ўз вақтида тўловчи қурувчи-тадбиркор ўз ишини ҳалол бажаришига ҳам шубҳа йўқ.