Телефон сотувчи фирибгар ушланди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 6 октябрь куни номаълум шахс ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида интернет ижтимоий тармоғининг “телеграмм” мобил иловасида “Apple-Optomuz” гуруҳини ташкил қилади. Унда “Iphone” мобил телефонларини имтиёзли акциялар асосида сотилаётганлиги тўғрисидаги эълонни жойлаштиради.
Ушбу гуруҳга аъзо бўлган Қоровулбозор тумани “Тинчлик” маҳалласида яшовчи, 2005 йилда туғилган фуқарони “Iphone” мобил телефон аппаратини бўлиб тўлаш шарти билан арзон нархда сотишини айтиб алдайди. Фуқародан дастлабки тўлов сифатида 1 миллион сўм миқдоридаги пулларни ўз картасига кўчиртириб олади. Бу билан у фуқарога нисбатан моддий зарар етказиб, фирибгарлик жиноятини содир қилади.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Олиб борилган тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Андижон вилояти Шаҳрихон тумани “Намозгар” маҳалласида яшовчи 1999 йилда туғилган шахс содир этганлиги аниқланади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА