Телефон рақами орқали пул ўтказиш тартиби белгиланди
Ўзбекистонда жисмоний шахслар ўртасида мобиль телефон рақами орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш тартиби белгиланди. Марказий банк бошқарувининг тегишли қарори 24 август куни давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, ҳужжат расмий эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради.
Янги тартиб жорий этилгач, фуқаролар пул юборишда олувчининг банк ҳисобварағи ёки банк картаси реквизитларини киритиши шарт бўлмайди. Бунинг учун олувчининг мобиль телефон рақами унинг банк ҳисобварағига боғланган бўлиши кифоя.
Пул ўтказмалари Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилади. Бир банк доирасида битта мобиль телефон рақамини фақат битта банк ҳисобварағига бириктириш мумкин.
Телефон рақамини ҳисобвараққа боғлаш якунлангач, махсус «боғлаш коди» шакллантирилади. Фуқаро ушбу боғланишни исталган вақтда мобиль илова орқали ёки банкка бевосита мурожаат қилиб бекор қилиши мумкин.
Пул ўтказиш қандай амалга оширилади?
Пул юборувчи банк мобиль иловасида олувчининг телефон рақами ёки «боғлаш коди»ни киритади. Шундан сўнг тизим олувчининг ҳисобварағи ҳақидаги маълумотларни аниқлайди.
Ўтказмани тасдиқлашдан олдин фойдаланувчига олувчининг Ф.И.О., банки ва воситачилик ҳақи ҳақида маълумот кўрсатилади. Шундан кейин тўловчи операцияни тасдиқлайди.
Мобиль илова орқали амалга ошириладиган бундай ўтказмалар 24/7 режимида, реал вақтда бажарилади. Банкка бевосита мурожаат орқали амалга ошириладиган ўтказмалар эса банкнинг иш кунлари ва иш вақтида бажарилади.
Қарорда ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш, шунингдек, фирибгарликнинг олдини олиш бўйича талабларга риоя этиш мажбурийлиги ҳам белгиланган.
Ўтказма муваффақиятли амалга оширилгач, тўловчига операцияни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади. Унда ўтказма санаси ва вақти, тўлов тизимидаги рақам, банклар номи, тўловчи ва олувчи маълумотлари, шунингдек, ўтказма ва воситачилик ҳақи суммаси кўрсатилади.
Шундай қилиб, янги тизим ишга тушгач, фуқаролар пул юбориш учун олувчининг банк реквизитларини излаб ўтирмасдан, мобиль телефон рақами орқали маблағ ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА