Текширувлар натижасида қўшимча 653,7 миллиард сўм солиқ ҳисобланди
Сўнгги йилларда солиқ маъмуриятчилигида рақамлаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши назорат тизимини янги босқичга олиб чиқмоқда. Айниқса, текширувдан олдинги таҳлил амалиёти тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги хатоларни эрта аниқлаш, уларни текширувларсиз бартараф этиш ҳамда солиқ интизомини мустаҳкамлашда муҳим воситага айланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, бюджет тушумларини ошириш билан бирга, тадбиркорлар учун ортиқча маъмурий юкламаларни камайтиришга хизмат қилмоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида амалга оширилган текширувдан олдинги таҳлиллар солиқ маъмуриятчилигида янги ёндашув самара бераётганини кўрсатди. Ушбу давр мобайнида 34 минг 295 та корхона томонидан қайта ҳисоботлар тақдим этилди ва натижада 653,7 миллиард сўм қўшимча солиқлар ҳисобланди.
Текширувдан олдинги таҳлиллар солиқ органлари томонидан рақамли маълумотлар асосида амалга оширилиб, корхоналар фаолиятидаги эҳтимолий хатолар ва камчиликларни аниқлашга хизмат қилади. Муҳими, бу жараён тадбиркорларга солиқ текширувисиз камчиликларни мустақил равишда бартараф этиш имконини бермоқда.

Таҳлил натижаларига кўра, қуйидаги соҳаларда катта тафовутлар кузатилди: умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси — 268 миллиард сўм, ишлаб чиқариш соҳаси — 200 миллиард сўм, қурилиш соҳаси — 119,3 миллиард сўм, транспорт соҳаси — 34,2 миллиард сўм ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси — 22,6 миллиард сўм тафовут кузатилди.
Мазкур кўрсаткичлар, айниқса савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида солиқ ҳисоботларини юритишда камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларида ҳам солиқ ҳисоботларини такомиллаштириш зарурати сақланиб қолмоқда.
Сўнгги йилларда солиқ маъмуриятчилигида рақамлаштириш жараёнларининг кенг жорий этилиши текширувдан олдинги таҳлиллар самарадорлигини янада оширди. Электрон ҳисоботлар, онлайн маълумотлар алмашинуви ва автоматлаштирилган таҳлил тизимлари орқали солиқ ҳисоботларидаги номутаносибликлар тезкор аниқланмоқда. Бу эса текширувлар сонини камайтириш, тадбиркорларга қўшимча қулайлик яратиш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ва бюджет тушумларини оширишга хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА