ТДЮУ – дунёнинг энг яхши 200 университетларидан бири
Тошкент давлат юридик университетида 2026/2027-ўқув йили учун қабул жараёнлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Университет ректори, профессор Бахшилло Хўжаев 2026/2027-ўқув йили учун қабул жараёнлари, янги таълим йўналишлари, халқаро қўшма дастурлар, хорижий фуқаролар қабули, таълим сифати, назария ва амалиёт интеграцияси, илм-фан ва инновациялар, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошириш, халқаро ҳамкорлик ҳақида ахборот берди.
Фармон ижроси доирасида университетда замонавий бошқарув модели жорий этилди. Профессорлар кенгаши ташкил қилиниб, унинг ҳузурида Академик ҳалоллик ва Тадқиқот қўмиталари фаолияти йўлга қўйилди.
Факультетлар академик департаментлар, тадқиқот марказлари ҳамда Амалиёт ва карьера марказлари негизида қайта ташкил этилди. Бешта факультетда деканлар, академик департамент бошлиқлари ва тадқиқот марказлари раҳбарлари сайлов асосида лавозимга тайинланди.
Талабаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 20 дан ортиқ “Карьера куни” ва 4 та меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Натижада 2024/2025-ўқув йили битирувчиларининг 89,8 фоизи иш билан таъминланди. 2025/2026-ўқув йили битирувчиларининг 55,9 фоизи эса ўқишни тугатмасидан аввал дуал таълим механизми орқали иш билан таъминланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 350-сон қарорига мувофиқ, янги халқаро «Digital Law» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» таълим йўналишларига қабул қилишда IQ тест тизими жорий этилди. Илк бор «12.00.18 – Рақамли ҳуқуқ» илмий ихтисослиги очилиб, мазкур йўналиш бўйича PhD ва DSc илмий даражаларини берувчи илмий кенгаш ташкил этилди.
ЮНЕСКО билан ҳамкорликда рақамли ҳуқуқ бўйича халқаро менторлик дастури йўлга қўйилди. Европа ва Осиёнинг етакчи университетлари билан қўшма таълим дастурлари, академик алмашинув ва икки дипломли дастурларни амалга ошириш ишлари бошланди.
Матбуот анжуманида илмий ишланмаларни тижоратлаштириш соҳасидаги ютуқлар ҳам маълум қилинди. Жумладан, «TSUL Professional Services» спин-офф компанияси ҳамда ҳиндистонлик ҳамкорлар иштирокида Рақамли суд экспертизаси ва тадқиқот маркази ташкил этилди.
«Legal Innovation Forum - 2026» доирасида IT Park, Startup Garage, Aloqa Ventures, Yoshlar Venture ҳамда Tuzuk AI билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Университетда VR Court Room виртуал суд модули, Proctorio онлайн-прокторинг тизими, Turnitin антиплагиат платформаси ҳамда сунъий интеллект асосида ишловчи AI баҳолаш модули амалиётга татбиқ этилди.
«Pro Bono» тизими асосида 65 сайёр қабул ташкил қилиниб, қарийб минг нафар фуқарога бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
[gallery-30419]
Матбуот анжуманида университетнинг халқаро рейтинглардаги натижалари ҳам маълум қилинди. Хусусан, Times Higher Education Impact Rankings 2026 рейтингида университет дунёда 401-ўринни эгаллади. «Сифатли таълим» йўналиши бўйича эса қарийб 200 поғона юқорилаб, дунёнинг энг яхши 200 университети қаторига кирди.
UI GreenMetric World University Rankings рейтингида университет дунё бўйича 181-ўрин ва Ўзбекистонда 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, WURI рейтингида 123-ўрин, Higher Education Global Ranking рейтингида дунё бўйича 2-ўрин (Ўзбекистонда 1-ўрин), RUR University Ranking (Teaching) рейтингида эса 388-ўринда қайд этилди.
Университет “Green Gown Awards - 2026” халқаро мукофотида 34 давлат орасидан Осиёдаги ягона университет-финалчи сифатида эътироф этилди.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА