ТДТ Анқара саммити: Ўзбекистоннинг стратегик устуворликларини илгари суриш
Бугун – 29 октябрь куни Анқарада Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг саммити иш бошлади. Икки кун (29-30 октябрь) давом этадиган тадбир тузилманинг тўлақонли халқаро ташкилотга айлантирилганига беш йил тўлиши муносабати билан ўтказилади. Ушбу ўзгариш ташкилот фаолият йўналишларининг кенгайиши ҳамда савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва инвестиция соҳаларидаги амалий ҳамкорликнинг кучайишида муҳим босқич бўлди.
Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлганидан буён амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 85 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Тошкентнинг бундай фаоллиги иқтисодий манфаатлар, аъзо мамлакатларнинг географик жиҳатдан ўзаро боғлиқлиги ҳамда ТДТ тамойилларининг республика олиб бораётган кўп йўналишли ташқи сиёсатга тўла мос келиши билан изоҳланади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ТДТни ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, маҳсулот сотиш бозорларини кенгайтириш, кенг тармоқли транспорт йўлаклари тизимини шакллантириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш учун самарали ҳамкорлик майдони сифатида кўради.

Ташкилотнинг тенг ҳуқуқлилик, ички ишларга аралашмаслик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш тамойилларига содиқлиги унинг аҳамиятини белгиловчи муҳим омилдир. ТДТ фаолияти амалий манфаатларга асосланган бўлиб, учинчи мамлакатларга қарши қаратилмаган. Бу эса ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Аъзо давлатларнинг умумий иқтисодий салоҳияти ҳам ташкилот аҳамиятини оширади. Уларнинг жами ҳудуди 4,25 миллион квадрат километрдан, аҳолиси эса 170 миллион кишидан ортиқ. 2025-йил якунларига кўра, ТДТ мамлакатларининг жами номинал ялпи ички маҳсулоти қарийб 2,3 триллион АҚШ долларига етди, умумий ташқи савдо айланмаси эса 1,2 триллион доллардан ошди. Ушбу кўрсаткичлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш алоқаларини йўлга қўйиш ва ўзаро инвестицияларни кўпайтириш учун замин яратмоқда.
Ўзбекистон ўзининг стратегик ёндашувида ҳамкорликнинг тўртта асосий йўналишига изчил эътибор қаратмоқда.
Биринчиси – иқтисодий кооперацияни чуқурлаштириш. Ушбу йўналишдаги асосий мақсад товарлар, капитал ва технологияларнинг тўсиқларсиз ҳаракатланишини таъминлайдиган эркин савдо ҳудудини босқичма-босқич шакллантиришдан иборат.
Бу туркий давлатлар билан яқин иқтисодий алоқаларга эга бўлган Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. 2025-йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо мамлакатлар билан жами товар айланмаси 9 миллиард 607 миллион долларни ташкил этди. Бу республика умумий ташқи савдосининг қарийб 12 фоизига тенг.
Бироқ ТДТ доирасидаги интеграциянинг иқтисодий самараси нафақат ўзаро савдо ҳажми, балки аъзо мамлакатлар корхоналарининг бир-бирининг ишлаб чиқариш занжирларида қай даражада иштирок этиши билан ҳам белгиланади.
Мамлакатлар иқтисодиёти таркибидаги фарқлар бунинг учун қулай асос яратади. Туркия машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик ва кимё саноатида кучли ишлаб чиқариш базасига эга. Қозоғистон ва Озарбайжон энергия ресурслари билан бир қаторда металлургия ва нефт-кимё соҳаларида ҳам салмоқли ўрин тутади. Ўзбекистонда тўқимачилик ва тикувчилик, электротехника, автомобилсозлик, кимё, озиқ-овқат саноати ҳамда рангли металлургия жадал ривожланмоқда. Қирғизистоннинг енгил саноат ва қишлоқ хўжалигидаги имкониятлари эса умумий ишлаб чиқариш салоҳиятини тўлдиради.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Ҳожигабул шаҳрида тўлиқ ишлаб чиқариш жараёнини қамраб оладиган автомобиль заводини қуриш бўйича эришилган келишув саноат кооперациясининг яққол мисолларидан биридир. Корхонани 2027 йил ўрталарида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Бундай ташаббуслар кўламини кенгайтириш учун Ўзбекистон томони тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш ҳамда божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш тарафдори бўлиб келмоқда.
Ўзбекистон томонидан 2025 йил кузида Габала саммитида Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилгани Тошкентнинг ушбу йўналишга содиқлигини тасдиқлади.
Мазкур ташаббус ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва ўзгарувчан шароитларга мослаша оладиган қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга қаратилган. Ушбу кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш учун иқтисодий ҳамкорликнинг самарали механизмлари ишга солинмоқда. Рақамли иқтисодиёт соҳасида шериклик тўғрисидаги битим (e-Commerce) ҳамда божхона тартиб-таомилларини изчил соддалаштириш шулар жумласидан бўлиб, савдо жараёнларини рақамлаштиришга хизмат қилмоқда.
Ўз навбатида, устав капитали 500 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган Туркий инвестиция жамғармасининг муваффақиятли ишга туширилиши қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш занжирларини модернизация қилиш ҳамда кичик ва ўрта бизнес, логистика инфратузилмаси ва инновациялар соҳасидаги ташаббусларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун асос яратди. Ўзбекистон ушбу жамғарманинг асосий таъсисчиларидан бири бўлди.
Умуман, ТДТ доирасида иқтисодиёт, саноат ва инвестиция соҳаларидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш юқори қўшилган қиймат яратувчи рақобатбардош кластерларни шакллантириш, ташқи бозорлардаги кескин ўзгаришларга қарамликни камайтириш ва узоқ муддатли барқарорликка эришиш имконини беради.
Иккинчиси – транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кенгайтириш. Бу Ўзбекистоннинг халқаро транспорт тармоқларига чиқишдаги чекловларни енгиб ўтиш ҳамда савдо йўналишларини диверсификация қилишда ТДТ имкониятларидан кенг фойдаланишга интилишини ифодалайди. Шунингдек, транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш иқтисодий ва саноат кооперациясини таъминлашнинг асосий омилларидан биридир.
Бу борада Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа бозорларига олиб чиқадиган Ўрта йўлакни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон юкларини ташиш ҳажмининг ўсиши ушбу йўналишга талаб ортаётганини кўрсатади. 2025 йил якунларига кўра, мазкур кўрсаткич сўнгги беш йилда икки баробар ошди. Бу эса йўналишнинг мамлакат тадбиркорлари фойдаланадиган юк ташиш тизимида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётганидан далолат беради.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши муносабати билан ушбу йўналишнинг Ўзбекистон учун аҳамияти янада ортмоқда. Темир йўлни Каспий йўналиши билан боғлаш Хитойни Марказий Осиё орқали Кавказ ва Европа билан туташтирадиган “Шарқ – Ғарб” логистика занжирида республиканинг иштирокини кенгайтириши мумкин.
Замонавий транспорт йўлаги фақат автомобиль ва темир йўллардан иборат эмас. Юк ташиш муддати ва харажатлари кўп жиҳатдан чегарадан ўтиш, рухсатномалар, божхона декларациялари ва юк ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда юкларни кузатиш тизимларига боғлиқ. Шу сабабли рақамлаштириш ТДТнинг транспорт сиёсатида алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон электрон юк хатлари (e-CMR) ва электрон рухсатномалар (e-Permit) каби илғор механизмларни жорий этиш тарафдоридир. Бу юк ташишда маъмурий харажатларни кескин камайтириш ва вақтни тежаш имконини беради. 2026 йил 23 апрель куни Бишкекда бўлиб ўтган ТДТ транспорт вазирларининг тўққизинчи йиғилишида e-CMR халқаро электрон товар-транспорт юк хатини жорий этиш тўғрисида меморандум ҳам имзоланди.
Жорий йил май ойида Туркистонда ўтказилган норасмий саммитда Ўзбекистон Президенти ТДТга аъзо мамлакатлар билан “E-Permit” тизими тўлиқ ишга туширилганини қайд этди. Шунингдек, Ўрта йўлакни “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли билан боғлаш, соддалаштирилган божхона йўлагини ривожлантириш, маълумотлар алмашинуви ва юкларни кузатиш жараёнларини рақамлаштиришни таклиф қилди.
Учинчиси – энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш. ТДТга аъзо давлатларнинг ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги нафақат углеводородларни ташиш йўналишларини диверсификация қилиш, балки глобал иқлим ўзгариши шароитида қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган иқтисодиётга биргаликда кенг кўламда ўтишга ҳам қаратилган.
“Яшил” энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Зеро, ушбу соҳада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш экологик тоза энергия ресурсларини ташқи бозорларга экспорт қилиш учун мутлақо янги имкониятлар очади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йилги Габала саммитида энергетика соҳасидаги анъанавий мулоқотни “яшил” энергия бўйича стратегик шерикликка айлантириш тарафдори эканини билдирди. Давлатимиз раҳбари ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва техник регламентларни яқинлаштириш мақсадида “Туркий яшил йўлаклар” электрон тизимини жорий этиш, шунингдек, “яшил” энергетика лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун “Яшил трансформация” консорциумини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.
Тошкент ушбу ёндашувни амалий ишлар билан давом эттирди. Жумладан, “яшил” электр энергиясини Европага экспорт қилиш учун Каспий денгизи тубидан электр кабели ўтказиш бўйича Қозоғистон ва Озарбайжон билан битим имзоланишини қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон раҳбарининг 2024 йилда Шушада бўлиб ўтган норасмий саммитда гидроэнергетика ривожи билан чамбарчас боғлиқ бўлган сувдан фойдаланишнинг долзарб муаммоларини тизимли ҳал этиш мақсадида Туркий экология кенгашини тузиш таклифи ҳам ушбу узоқни кўзлаган сиёсатнинг яна бир ифодаси бўлди.
Айни пайтда ТДТга аъзо мамлакатлар билан қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, энергия сақлаш тизимларини жорий этиш ҳамда энергетика инфратузилмаси самарадорлигини ошириш Туркиянинг етакчи энергетика компаниялари, жумладан, “Chalık Holding”, “Aksa Enerji”, “GÜRİSh” ва “Cengiz Enerji” билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳисобланади.
Тўртинчиси – маданий-гуманитар ҳамкорлик. Ўзбекистон ТДТ доирасидаги ушбу йўналишни фақат тарихий меросни асраш билан чекламайди. Мамлакатимиз уни илм-фан, инновациялар ва инсон капиталини ривожлантириш ҳамда интеграциянинг мустаҳкам асосларини шакллантиришга хизмат қиладиган муҳим омил сифатида кўради.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтган ТДТ саммитида шундай таъкидлаган эди: “Биз Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ана шундай бебаҳо меросни сақлаб қолиш, уни чуқур ўрганиб, келгуси авлодларимизга безавол етказиш барчамиз учун энг асосий вазифадир”.
ТУРКСОЙ, Туркий академия ҳамда Туркий маданият ва мерос жамғармаси каби ихтисослашган тузилмаларнинг фаолияти ушбу ёндашувнинг амалий ифодасидир. Шунингдек, ҳар йили “Туркий дунё маданият пойтахти”ни эълон қилиш анъанаси, жумладан, 2020 йилда қадимий Хивага ушбу мақомнинг берилиши, Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг мунтазам ўтказилиши ва “Замонавий Ипак йўли” сайёҳлик лойиҳаси каби муҳим ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Тошкент ташаббуси билан туркий халқлар бирлигини мустаҳкамлашга қўшилган ҳисса учун ТДТнинг нуфузли Алишер Навоий номидаги мукофоти таъсис этилгани ҳам ушбу ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Умуман, Ўзбекистон ТДТни савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш воситаси сифатида кўради. Ушбу йўналишлардаги ҳамкорлик ташкилот салоҳиятини тўлароқ рўёбга чиқариш, минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон миллий манфаатларини илгари суриш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, ТДТ республиканинг кўп йўналишли ташқи сиёсатини амалга ошириш ва аъзо давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутишда давом этади.
Умарбек Нуриддинов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими.
ЎзА