Таваккал Қодиров эл қалбида
Таваккал Қодиров ўзбек миллий қўшиқчилик санъатида ўзига хос ўрин эгаллаган машҳур хонанда, лирик тенор овоз соҳиби ва халқ орасида катта ҳурмат қозонган санъаткорлардан бири ҳисобланади. У ўзининг бетакрор ижроси, мумтоз ашулаларни юракдан куйлаши ҳамда миллий мусиқа анъаналарини асраб-авайлашга қўшган ҳиссаси билан санъат мухлислари қалбидан чуқур жой олган. Агар ҳаёт бўлганида бу буюк санъаткор 100 ёшга тўлган бўлар эди.
Таваккал Қодиров ижросидаги халқ қўшиқлари ва мумтоз ашулалар тингловчиларга алоҳида руҳий таъсир кўрсатар эди. Унинг овозида миллийлик, самимият ва халқона оҳанг мужассам эди. Санъаткор ўз ижросида нафақат қўшиқ айтар, балки халқнинг дарди, муҳаббати ва орзу-интилишларини ҳам ифода этарди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Қодиров таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб “Таваккал Қодиров қўшиқлари эл қалбида” номли халқаро танлов эълон қилди.

– Кўрик- танловда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ҳаваскор ва профессионал бўлган ижодкорлар қатнашади, – дейди Фарғона вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Тожибоев. – Бугунгача Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги Таваккал Қодиров ихлосмандлари бўлган санъаткорлар танловда иштирок этиш истагини билдирди. Кўрик-танловнинг асосий шарти шуки, унинг иштирокчилари Таваккал Қодиров ижро этган қўшиқларни куйлаши лозим.
Устоз санъаткор кўплаб ёш ижодкорларга ҳам йўл-йўриқ кўрсатган. Унинг санъат мактаби Фарғона водийсида миллий қўшиқчилик анъаналарининг сақланиши ва ривожланишида муҳим аҳамият касб этди.
– Таваккал Қодиров миллатнинг ҳақиқий ҳофизи. Устознинг қўшиқлари халқнинг маънавий бойлиги. Мен ҳам устознинг минглаб шогирдларидан бириман, –дейди Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов. – 1990 йилда бўлган кўрик- танловда мен “Айтинг, гўзалим” деган қўшиқ айтган эдим. Устоз ҳайъат раиси бўлганлар. Мени чақириб қўшиқнинг мана бу ерини бундай, бу жойни бундай қилиб ижро этгин, деб ўргатганлар. Устознинг эътиборидан куч олдим. Ишончим комил бундан буён ҳам халқимиз орасидан кўплаб Таваккал Қодиров каби иқтидор эгалари чиқади.

Асосий тадбирлар шу йил 30-31 май кунлари “Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси” ва Ислом Каримов номидаги санъат саройида бўлиб ўтади.
– Анжуман доирасида Таваккал Қодиров ижодига бағишланган илмий-амалий конференция ҳам ўтказилади, – дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов. –Танловга юздан зиёд иштирокчи қатнашиш истагини билдирди. Улар вилоят ҳокими ташаббуси билан “Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси”даги янги амфитеатрда ижодий куч синашадилар. Бу билан улар халқ эътиборига тушсалар ажаб эмас.
Ҳа, Таваккал Кодиров ўзбек миллий мусиқасининг фидойи вакилларидан бири сифатида халқимиз маданий меросида муносиб ўрин эгаллайди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/B9JUTs0TPQI?si=GMjHGkXMOVXurn5z" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА