ТАТУ талабалари халқаро математика олимпиадасида совриндор бўлди
Илм-фанга бўлган қизиқиш ва изланиш ҳар қандай ютуқнинг асоси. Бугунги ёшлар эса нафақат мамлакатимиз, балки халқаро майдонларда ҳам ўз салоҳиятини намоён этмоқда.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг иқтидорли талабалари жорий йилнинг 22–29 март кунлари Ашхобод шаҳрида ўтказилган "OMOUS-2026" халқаро математика олимпиадасининг финал босқичида муваффақиятли иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.

Озодбек Турсуналиев — бронза медали (Дастурий инжиниринг факультети);
Рузимурод Абдуғаффоров — бронза медали (Киберхавфсизлик факультети).

ТАТУ талабаларининг мазкур халқаро олимпиададаги иштироки ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти юксак эканини яна бир бор намоён этди. Қўлга киритилган ушбу ютуқлар уларнинг келгусида янада катта марраларни забт этишига мустаҳкам замин яратади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА