Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукнда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Польша. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Р.Ҳакимов бошчилигидаги делегация Куяво-Поморск минтақасига ташриф буюрди. Сафар доирасида бўлиб ўтган учрашувларда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш ҳамда турли соҳалардаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Венгрия. Юртимизнинг Будапештдаги элчиси Ойбек Шахавдинов 30 сентябрь куни Венгрия Миллий Ассамблеяси спикери Агнеш Форстхоффер томонидан ўлкадаги дипломатик миссиялар раҳбарлари учун ташкил этилган қабулда иштирок этди.

Ўмон. Маскат шаҳридаги дипломатимиз Абдусалом Хатамов “Khimji Ramdas” компаниясига ташриф буюрди. Компания раҳбари Варун Панкаж Химжи ва юқори раҳбарият вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, хусусан, Ўзбекистондан Ўмон бозорига маҳсулотлар экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда сифатли ўзбек маҳсулотларини Ўмон бозорида кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Буюк Британия. Ўлкамиздаги нодавлат таълим муассасалари асосчилари ва директорлари учун Лондонда қисқа муддатли тренинглар ташкил этилди. Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Бирлашган Қирролликдаги умумий, махсус ва инклюзив таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Франция. Париждаги элчихонамизда Ўзбекистон халқ рассоми Жўра Асранинг “Шарқ ранглари, Ўзбекистон руҳи” номли кўргазмаси ўтказилди. Таъкидлаш керакки, рассом асарларида диёримизнинг гўзал манзаралари, анъаналари ва бой маданий мероси ўз аксини топган.
Фардона Яхшибоева,
ЎзА