Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукнда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Буюк Британия. Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов бошчилигида Катта Манчестер савдо палатаси бош ижрочи директори Эмма Холт билан учрашув ўтказилди. Мулоқот давомида маҳаллий ишбилармон доиралар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш имконияти муҳокама қилинди.

Сербия. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффарбек Мадраҳимов Сербия Республикаси Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт вазири Адриана Месарович билан учрашди. Суҳбат давомида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқа кўламини кенгайтириш ҳамда амалий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Япония. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Точиги префектураси ҳукумати департаменти катта директори Шигеёши Масубучи ҳамда Япониянинг мамлакатимиздаги собиқ элчиси Фумихико Като билан учрашди. Мулоқот давомида Фарғона вилояти ва Точиги префектураси ҳамкорлигини ривожлантириш, таълим, кадрлар тайёрлаш ҳамда инвестициявий алоқани кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.

Ўзбекистон. “Айритом” эркин иқтисодий ҳудудида Россиянинг Тюмень вилояти Савдо уйининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳа республикамизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари кўмагида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида амалга оширилди.
Савдо уйи очилиши Сурхондарё ва Тюмень вилоятлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек Афғонистон йўналишидаги транзит ва савдо имкониятини кенгайтиришга қаратилган. Жорий йил июль ойида РФнинг ушбу ҳудуди делегацияси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда “Айритом” ЭИЗ раҳбарияти билан самарали музокара ўтказган эди. Янги Савдо уйида Тюмень вилояти корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган кенг турдаги саноат маҳсулотлари намойиш этилади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА