Ташқи дипломатия
ЎзА “Ташқи дипломатия” рукни орқали давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчиларимиз томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Буюк Британия. “Wild Frontiers” ҳамда “Sofi Ibbotson” “Uzbekistan Airways”нинг Бирлашган Қиролликдаги бренд амбассадори билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг бетакрор туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказди.

Ўмон Султонлиги. Ўзбекистоннинг Маскатдаги элчиси Абдусалом Хатамов ушбу ўлкадаги йирик компаниялардан бири “Oman Trading Establishment” (OTE) ширкати бошқарув кенгаши раиси Саъд Сухайл Баҳвон ҳамда ширкат директори Муҳаммад Саъд Баҳвон билан учрашув ўтказди. Ўзаро мулоқот давомида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Германия. ГФРда бўлиб турган Ўзбекистон Миграция агентлиги вакиллари юртимизнинг Берлиндаги элчихонасида немис иш берувчи ва рекрутинг компаниялари ходимлари билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотларда ташқи меҳнат миграциясини қонуний ва хавфсиз ташкил этиш, шунингдек, тиббиёт, қурилиш, саноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. “B2B” форматли учрашувлар якунида қатор келишувлар ва меморандумлар имзоланиб, ўлкамиз фуқаролари учун Германия меҳнат бозорида янги имкониятлар яратилди.

Япония. Нагоя университети билан илмий ҳамкорлик доирасида “Маҳалла” модели халқаро майдонга чиқмоқда. Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги делегациянинг кунчиқар юртга ташрифи Нагоя университетидан бошланди. У ерда университет президенти Наоши Сугияма билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистонда сўнгги йилларда ислоҳ қилинаётган маҳалла институти муҳокама қилинди.

Венгрия. Ўзбекистоннинг Будапештдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг “CEPOL” ташкилоти директори вазифасини бажарувчи Майлис Пуконин билан учрашув ўтказди.

Туркия. Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси доирасида Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш билан учрашув ўтказди. Ўзаро мулоқот давомида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам сиёсий ирода ва ўзаро ишонч асосида кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Шунингдек, парламентлараро мулоқотлар ва ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Россия. Москвада Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг янгиланган идораси очилди. Тадбирда Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов, Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев, РФ бош прокурори ўринбосари Павел Городов ҳамда йирик иш берувчилар ва юридик компаниялар вакиллари иштирок этди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА