"Tashkent Open Judo Kids Cup IV" янги чемпионлар авлодини кашф этди
Пойтахтимиздаги "Ҳумо Арена" мажмуасида дзюдо бўйича ўсмирлар ва кичик ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирнинг икки кунлик шиддатли беллашувлари спортчи ёшлар ва уларнинг ота-оналарига бир олам завқ бағишлади.
Тўртинчи бор ташкил этилган бу галги "Tashkent Open Judo Kids Cup IV" турнирида дунёнинг 16 давлатидан 3 минг нафарга яқин навқирон дзюдочилар бир нечта ёш ва вазн тоифаларида ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Кеча мусобақанинг иккинчи кунида U11 ва U15 ёш тоифасидаги муросасиз курашлар натижасида 20 та вазнда совриндорлар аниқланди. Шоҳсупага кўтарилган ёш дзюдочиларга медаль, кубок ва эсдалик совғалари топширилди.
Мусобақанинг икки кунлик беллашувлари якунига кўра, турнирнинг "Энг яхши дзюдочиси" номи эълон қилинди.

Бир неча мураббий ва ҳакамлардан иборат махсус танлов гуруҳининг хулосаси натижасида Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан келган Аламбек Абиев ушбу номинациясида ғолиб деб топилди ва ташкилотчилар томонидан таъсис этилган совға билан тақдирланди. Абиевнинг мураббийи Илинбек Аттокуровга эса пул мукофоти тақдим этилди.
Болажонларга спорт шиддатини тақдим этган нуфузли турнир якунланган бўлса-да, унинг таассуротлари, лаҳзалари ҳақидаги мароқли суҳбатлар, таҳлиллар дзюдо клубларида, мутахассислар даврасида давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА