Ташаббускорлик ва етакчилик фазилатлари эрта намоён бўлган эди
Ватан тақдирига дахлдорликни ҳаётининг мазмунига айлантирган, эл-юрт равнақи йўлида ҳалол хизмат қилган инсонлар орасида қатағон қурбонларининг ўрни алоҳида. Зомин заминида вояга етиб, республика миқёсидаги масъул лавозимларгача юксалган Назирқул Ҳасанов ана шундай фидойилардан бири эди. Афсуски, миллатга хизмат қилишни ўзининг энг олий бурчи деб билган бу инсон ҳам 1937–1938 йиллардаги сиёсий қирғиннинг навбатдаги қурбонига айланди.
Миллий мустақиллигимиз туфайли тарихнинг энг оғир ва энг аламли саҳифаларини холисона ўрганиш имконияти пайдо бўлди. Бугун қатағон қурбонларининг номини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ёшларга сўзлаб бериш, айниқса, улар қалбида тарихга ҳурмат ва хотирага садоқат туйғусини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Шу боис ҳар йили 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида Ватан истиқлоли ва халқ манфаати йўлида жонини фидо қилган минглаб ватандошларимиз хотирасига эҳтиром кўрсатилади. Улар орасида Зомин диёри етиштирган жасур ва иродали фарзанд — Назирқул Ҳасанов ҳам бор.

1903 йилда Зомин туманининг Ём қишлоғида камбағал деҳқон оиласида туғилган Назирқул Ҳасановнинг болалиги меҳнат ва машаққат бағрида кечди. 1914–1916 йилларда диний таълим олди. Кейинчалик Зоминдаги рус-тузем мактабида бир ярим йил таҳсил олди. Бироқ 1916 йилги Жиззах қўзғолонига нисбатан билдирган хайрихоҳ муносабати унинг тақдирига таъсир қилди — у ўқишни тарк этиб, деҳқончилик билан шуғулланишга мажбур бўлди.
Бу йигитнинг табиатидаги ташаббускорлик ва етакчилик фазилатлари эрта намоён бўлган эди. Кўп ўтмай у комсомол ячейкасини ташкил этишда иштирок этди.
1920 йилдан ВКП(б) аъзоси сифатида фаолият юритган Назирқул Ҳасанов Жиззах туман партия қўмитасида, Самарқанд ва Сурхондарёдаги шўро ташкилотларида масъул вазифаларни бажарди. Кейинчалик 1930–1933 йилларда “Ўзколхозстрой” раиси, сўнг Республика Ер ишлари халқ комиссарининг ўринбосари, 1934 йилдан эса Хоразм вилояти ижроия қўмитаси раиси лавозимида меҳнат қилди. Шу билан бирга, Свердлов дорилфунунида сиртдан таҳсил олиб, билим ва тажрибасини мунтазам бойитиб борди.
Тарихий манбалар гувоҳлик беришича, Назирқул Ҳасанов Хоразмда фаолият юритган йилларда ҳудуд ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган раҳбарлардан бири сифатида тилга олинади. Айрим тадқиқотларда унинг ҳамда ўша давр вилоят раҳбарларининг ташаббуси билан Хоразмда олий таълим муассасаси ташкил этилишида ташаббускор бўлганлари ҳам қайд этилган. Бу маълумотлар замондошлар хотиралари ва архив ҳужжатларида ўз аксини топган.
Аммо тарихнинг энг шафқатсиз даврларидан бири — 1937 йилги “Катта террор” уни ҳам аямади.
1937 йил 6 август куни НКВД ходимлари томонидан ҳибсга олинган Назирқул Ҳасановга нисбатан сохта айбловлар билан жиноят иши қўзғатилди. Орадан бир йил ўтиб, 1938 йил 2 ноябрда унинг иши кўриб чиқилди ва олий жазо — отишга ҳукм қилинди.
Бироқ тарихнинг адолат тарозиси барибир ўз сўзини айтди. Мустақиллик йилларида қатағон қурбонлари номи оқланиб, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга кенг йўл очилди. Назирқул Ҳасанов ҳақида ҳам архив ҳужжатлари асосида илмий изланишлар олиб борилди, унинг ҳаёти ва давлатчилик йўлидаги хизмати ҳақида мақолалар эълон қилинди.
Назирқул Ҳасановнинг ҳаёт йўли — бир инсон қисмати ортида бутун бир миллатнинг изтироби, орзу-умидлари ва тарих сабоқлари мужассам эканининг ёрқин далилидир. Бундай инсонлар хотирасини ардоқлаш — ўтмишга эҳтиром, бугунги масъулият ва келажак олдидаги бурчдир. Зеро, халқ озодлиги ва Ватан истиқболи йўлида қурбон бўлганлар номи ҳеч қачон унутилмайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири