Ташаббус оилалар даромадини оширмоқда
Эзгу ташаббус
Бухоро вилояти Жондор туманидаги “Денов” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Субҳонов шахсий ташаббус кўрсатди. У маҳалладаги кам даромадли, эҳтиёжманд 11 та хонадонни аниқлаб, ушбу хонадон эгалари бандлигини таъминлаш мақсадида 11 та кичик инкубацияни бепул тарқатди.
Маҳалла сардори ўз ички имкониятлари ҳисобидан салкам 30 миллион сўм маблағ сарфлади. Эзгу ташаббусга қўл уриши натижасида тадбиркорлик истагида бўлган хонадон вакилларини мамнун қилди.
– Маҳалламиздаги эҳтиёжманд аҳоли бандлиги бўйича ўз режаларим бор, – дейди маҳалла раиси Баҳодир Субҳонов. –Келгусида яна бир қатор ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиб, маҳалладаги кам даромадли, эҳтиёжманд аҳолининг бандлигини таъминлашни режалаштиряпман.
– Маҳалла раисимиз томонидан бепул инкубация аппарати берилди, – дейди маҳаллада яшовчи Умида Саидқулова. – Жуда ҳам хурсанд бўлдик. Энди уйда инкубацион жўжаларни кўпайтириб даромад оламиз. Оиламизнинг иқтисодини тиклашда ёрдам берамиз.
Хуллас, маҳаллада сўнгги йилларда аҳоли турмуш тарзи тобора яхшиланиб, оилалар фаровонлиги ошмоқда. Бу эса одамларни ўз ҳаётидан мамнун қилиш сари қўйилаётган қадамларни қутлуғ келишига мустаҳкам заминдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.