Ташаббус натижа беради, агар халқ бирлашса...
Ангрен шаҳрида жойлашган 23-мактаб бугунги кунда фақат таълим сифати билан эмас, балки фуқароларнинг фаол иштироки асосида яратилаётган инфратузилмавий ўзгаришлар билан ҳам эътибор қозонмоқда.
Мактаб директори Беҳзод Норматов раҳбарлигида ушбу даргоҳ “Ташаббусли бюджет” дастури орқали аҳоли муаммоларига ечим излашдаги фаоллигини юксак даражага олиб чиқмоқда.
Мактаб биносининг иситиш тизими янгиланиши, замонавий ҳожатхоналар қурилиши, 850 квадрат метр ҳовли қисмига асфальт қопламаси ётқизилиши, мактаб атрофининг 350 метр периметри бўйлаб евроуслубда қўрғонланиши режалаштирилган. Бу янгиланишлар маҳалла аҳли ва мактаб фаоллари ташаббуси билан амалга оширилаётгани эса алоҳида эътирофга лойиқ.
Фаоллар мактабдаги ана шундай долзарб масалаларни ҳал этиш мақсадида “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2-мавсумига лойиҳа таклиф қилди. Ушбу лойиҳа маъқулланиб, овозга қўйилди ва 600 миллион сўмлик маблағ билан молиялаштиришга йўлланди. Аввалги мавсумларда ҳам мактаб жамоаси икки марта ғолибликка эришган эди. Бу эса “Ташаббусли бюджет” фақат ғоя эмас, балки халқ манфаатини таъминловчи амалиётга айланганини кўрсатади.

Хусусан, “Қорабоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам “Ташаббусли бюджет” жараёнида фаол иштирок этди. Аслида маҳаллада муаммолар етарли. Улар орасида эски симёғочларни алмаштириш, пиёдалар йўлакчаси қуриш, томорқалар учун оқар сув, ички йўлларни таъмирлаш каби масалалар аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинди. Нурали Нишонов етакчилигидаги “маҳалла еттилиги” ва фаоллари маслаҳати билан Навбаҳор, Қорабоғсой ва Қорабоғ кўчаларининг 3,1 км қисмини асфальтлаш бўйича таклиф тайёрланди. Ушбу таклиф маъқулланди ва овозга қўйилди.
Фуқароларнинг уюшқоқлиги, ташаббускорларнинг тарғиботи ва маҳалладошларнинг ёрдами билан 3 минг 464 та овоз тўпланиб, мазкур лойиҳа 64 та лойиҳа орасида 3-ўринни эгаллаб ғолиб деб топилди. Бу жараён яна бир бор исботладики, “Ташаббусли бюджет” орқали маҳаллалар ўз тақдири ва келажагини ўзлари белгилайди. Фуқаролар фаоллиги, жамоатчилик назорати, ҳамкорлик ва очиқлик жараённинг асосий тамойилидир.
Таъкидлаш лозим, Ангрен шаҳри бўйича жорий мавсумда 64 лойиҳа иштирок этиб, ажратилган умумий маблағ 16 миллиард 183 миллион сўмни ташкил қилди. Янги Боғисурҳ маҳалласи 1-ўринни, “Қорабоғ” МФЙ 3-ўринни, 23-мактаб эса 10-ўринни эгаллади. Ўтган давр мазкур амалиётни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу мақcадида Президентимизнинг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет” жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари” тўғрисида қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнида ғолиб бўлмаган, лекин аҳолининг талаб ва эҳтиёжларига мос келувчи иккита лойиҳага (ҳар мавсумда биттадан) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан молия ажратилади.
Ушбу лойиҳалар автоматик равишда “Очиқ бюджет” портали орқали ғолиб деб эълон қилинади ва давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Бу эса фуқаролар таклифларини амалий натижага олиб чиқиш имкониятини кенгайтиради. Қарорда ҳар бир депутатга йилига икки мавсум учун умумий ҳисобда 8 минг баробар базавий ҳисоблаш миқдоридаги маблағни тақсимлаш белгиланган. Муҳими, мазкур ҳужжат нафақат фуқароларнинг иштирокини, балки халқ вакиллари ‒ депутатларнинг ҳам ушбу жараёнда фаол ролини мустаҳкамлайди.
Бир сўз билан айтганда, “Ташаббусли бюджет” бугунги кунда мамлакатимизда фуқаролик жамияти ривожининг ҳақиқий ифодасига айланмоқда. У орқали одамлар ўз овози, ташаббуси ва саъйи-ҳаракати билан ҳаётини ўзгартирмоқда. Янги қарорлар бу жараённи янада мустаҳкамлаб, жамиятнинг давлат билан ҳамкорликдаги ислоҳотларида қудратли пойдевор яратиб беради.
Неъмат Душаев,
Халқ депутатлари Ангрен шаҳар кенгаши депутати.
ЎзА.