Тармоқлар мустаҳкамланиб, таъминот барқарорлашмоқда
Аҳолини, айниқса, қиш ойларида электр энергияси билан барқарор таъминлаш кўп жиҳатдан мавжуд инфратузилма объектлари, электр узатиш тармоқлари ва трансформатор подстанцияларининг техник ҳолатига боғлиқ. Шу боис куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида тармоқларни таъмирлаш, эскирган ускуналарни янгилаш ва мавжуд қувватларни мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, тизим ходимларидан катта куч ва масъулият талаб этади.
Қишда электр энергияси билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш, аҳоли хонадонлари билан бир қаторда, ижтимоий соҳа объектлари, ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Гулистон шаҳрида электр тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари тизимли ташкил этилди.
2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида шаҳарда 95,2 километр 0,4–10 кВли электр узатиш тармоғи ҳамда 38 та трансформатор подстанцияси капитал таъмирдан чиқарилди. Бу ишлар доирасида тармоқларнинг эскирган қисмларини янгилаш, электр ускуналарининг техник ҳолатини яхшилаш ва уларнинг ишончли ишлашини таъминлашга қаратилган чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, 141 километр электр узатиш тармоғида ва 80 та трансформатор подстанциясида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жорий таъмирлаш жараёнида тармоқ ва ускуналарнинг техник созлиги таъминланиб, мавсумий юкламаларга тайёргарлик даражаси оширилди.
[gallery-31256]
Капитал ва жорий таъмирлаш ишларининг уйғун олиб борилаётгани шаҳар электр таъминоти тизимининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, қиш фаслида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши билан электр энергиясига бўлган талаб ортиши табиий. Бундай шароитда тармоқ ва подстанцияларнинг техник жиҳатдан пухта тайёр ҳолда бўлиши эҳтимолий носозликларнинг олдини олишда муҳим омилдир.
— Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш учун тармоқларни мавсумга тайёрлаш билан бир қаторда, мавжуд электр инфратузилмасини босқичма-босқич модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Капитал таъмирлаш доирасида эскирган электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктлари янгиланиб, жорий таъмирлаш орқали мавжуд тармоқларнинг техник ҳолати мустаҳкамланмоқда. Бу эса юкламалар ортиши мумкин бўлган совуқ кунларда электр таъминотида узилишларнинг олдини олиш, истеъмолчиларга сифатли ва ишончли хизмат кўрсатиш имконини янада оширади, — дейди Гулистон шаҳар электр таъминоти бошлиғи Одилжон Қўзиев.
Гулистон шаҳрида электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган ишлар бир мавсумлик вазифа билан чекланмайди. Бугун таъмирланаётган тармоқлар ва подстанциялар шаҳар электр инфратузилмасининг келгуси барқарорлиги учун хизмат қилади. Энг муҳими, амалга оширилаётган ҳар бир иш ортида аҳоли хонадонлари, ижтимоий объектлар ва ишлаб чиқариш корхоналарини ишончли электр энергияси билан таъминлашдек муҳим вазифа турибди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА