Тарихни билиш ўзлигимизни англашдан бошланади
Мамлакатимизда ноёб санъат асарлари, шунингдек, меъморчилик мўъжизалари бўлган музей экспонатларининг жуда кенг ассортименти мавжуд бўлиб, уларнинг қийматини баҳолаш жуда қийин.
Жорий йилнинг 2 сентябридан 8 сентябрига қадар Маданий мерос агентлиги тизимидаги давлат музейлари, музей-қўриқхоналар ҳамда уй-музейларида “Музейлар ҳафталиги” ўтказилади. Ушбу ҳафталик давомида Агентлик тизимидаги жами 114 та давлат музей ва музей-қўриқхоналарига ҳамюртларимиз бепул ташриф буюришлари мумкин.
Ушбу ҳафталик тарих, санъат ва миллий меросимиз билан яқиндан танишиш, ноёб экспонатлар ва қадимий ёдгорликлар ҳақида янги маълумотларга эга бўлиш учун ажойиб имконият.
Музейлар — шунчаки қадимий буюмлар сақланадиган маскан эмас. Бу ерда халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти, санъати ва миллий қадриятлари мужассам. Ҳар бир экспонат эса ўтмишдан бугунги авлодга етказилаётган ўзига хос бир ҳикоя. Ташриф буюрувчилар барча даврларнинг бадиий хазиналари ва қадимий ёдгорликларига тўла қадимий усталарнинг асарлари акс эттирилган стендлар, бебаҳо экспонатлар тўпламлари, шунингдек, Ўрта Осиё ҳудудида яшаб, ҳам минтақа, ҳам бутун дунё тарихида из қолдирган буюк зотларнинг меҳнати ва фаолияти мамлакатнинг бой ва жонли тарихий ўтмиши билан танишиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА