Тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
Андижон вилояти Марҳамат туманида қадим ёдгорликлар, тарихий жойлар, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш, уларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини тарғиб этишга бағишланган илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
18 апрель – Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш халқаро куни муносабати билан “Мингтепа маданий мерос” жамоат фонди, Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси ҳамда Марҳамат туман ҳокимлиги ҳамкорлигида тадбир ўтказилди. Унда тарихчилар, ёзувчи ва шоирлар, маданий мерос объектларини асраш ва туризм йўналишида фаолият олиб борувчи ташкилот, муассасалар вакиллари, Андижон, Фарғона давлат университетлари профессор-ўқитувчилари, ўлкашунослар, ёш олимлар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
– Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад вилоятимиздаги тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ана шу жойларда ободонлаштириш ишлари кўламини кенгайтириш, туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган, – дейди “Мингтепа маданий мерос” жамоат фонди раҳбари Ортиқали Ҳусанов. – Қолаверса, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш, аҳоли, хусусан, ёшларнинг тарихий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжолар ҳақидаги билим, тушунчаларини юксалтириш орқали уларда қадим тарихимизга, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат.
[gallery-11515]
Тадбирда юртимизнинг тарихий ёдгорликлари, зиёратгоҳлари, шифобахш булоқларини асраш, ободонлаштириш, улар ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларга кенг тушунча ва билимлар бериш, ички туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси мутахассиси, санъатшунос Д.Юсупов, Андижон давлат университети тарих факультети декани Р.Шамсутдинов, АДУ профессори М.Абдуллаев, филология фанлари доктори Д.Абдуллаева, Фарғона давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари фалсафа доктори А.Алиохуновнинг Фарғона водийсидаги қатор моддий-маданий мерос объектлари, уларнинг тарихи, аҳамияти, ана шу масканларда амалга оширилган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари ҳақидаги маърузалари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
“Мингтепа маданий мерос” жамоат фонди раҳбари О.Ҳусановнинг фонд томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисоботи тингланди. Фонд томонидан тайёрланиб, нашр этилган “Мингтепа тарихи” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари туман марказидаги “Хотира хиёбони” да ташкил этилган “Мингтепа” музейи фаолияти, музейдаги юртимизнинг минг йиллик тарихидан сўзловчи, қадим Довон давлати даврига оид ноёб экспонатлар ҳамда “Мингтепа” ёдгорлиги харобалари билан танишди. Шунингдек, тадбир доирасида “Аждодларимизнинг бебаҳо маданий мероси” мавзусида кўргазма ва танлов ўтказилди. Кўргазмада тарихий топилмалар, ҳунармандчилик буюмлари, ҳунармандлар томонидан турист ва зиёратчилар учун тайёрланган турли-туман совғалар намойиш этилди.
Танловда нафақат Андижон, балки республикамизнинг турли вилоятларидан 60 нафардан зиёд олим, ижодкор ва талабалар ўзларининг 100 дан ортиқ ижодий ишлари, бадиий ва тасвирий санъат асарлари, илмий мақолалари билан иштирок этди.
“Энг яхши мақола”, “Энг яхши илмий мақола”, “Энг яхши бадиий асар, “Энг яхши шеър” сингари олтита йўналиш бўйича 1-3 ўринга лойиқ, деб топилган ижодий ишлар муаллифлари диплом, китоблар жамланмаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (фото), ЎзА