Тарихий ташриф: стратегик шериклик ва геоиқтисодий юксалишнинг янги босқичи
Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга амалга оширган давлат ташрифи нафақат икки томонлама алоқалар, балки кенг макон – Марказий Осиё ва Кавказ минтақалари интеграцияси тарихида мутлақо янги саҳифа очди.
Сўнгги 23 йил ичида илк бор кузатилган ушбу тарихий ташриф икки давлатнинг сиёсий иродаси, иқтисодий салоҳияти ва геостратегик мақсадлари муштарак эканлигини яққол намойиш этди. Тбилисида имзоланган Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация ҳамда давлатимиз раҳбарининг Грузия олий мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан тақдирланиши бу ишончнинг олий эътирофидир.

Узоқ танаффусдан сўнг амалга оширилган ушбу учрашув Ўзбекистон ва Грузия иқтисодиёти учун кучли драйвер вазифасини ўтайди. Охирги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларга етган бўлса, эндиликда бу кўрсаткични яқин йилларда 1 миллиард долларга етказиш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди. Грузиянинг етакчи “TBC” банки Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритаётгани, Тошкентдан Тбилиси ва Батумига тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани мустаҳкам пойдевор мавжудлигидан далолат беради.
Эндиги босқичда фармацевтика, кимё саноати, электротехника, рақамли технологиялар ва туризм соҳаларида имзоланган 2027 йилгача мўлжалланган Кооперация дастури икки мамлакат тараққиётига янги суръат бахш этади. Ишбилармонларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция жамғармасининг ташкил этилиши ва Ўзбекистоннинг Грузияда ўз элчихонасини таъсис этиши эса алоқаларнинг институционал даражада мустаҳкамланганини кўрсатади.
Мазкур ташрифнинг энг муҳим геоиқтисодий жиҳати – Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақаларини боғловчи транзит-транспорт йўлакларини ривожлантириш билан боғлиқ. Ўзбекистон ўз маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқариш учун диверсификацияланган транспорт йўналишларига эҳтиёж сезади. Шу маънода, Грузиянинг Поти ва Батуми портлари инфратузилмасидан фаол фойдаланиш, у ерда ўзбек маҳсулотлари учун логистика хаби ва саноат зонасини ташкил этиш режаси минтақалараро савдони бутунлай ўзгартиради.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган, янги ишга тушган “Боку – Тбилиси – Карс” темир йўлини қурилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” магистрали билан интеграция қилиш ташаббуси Буюк ипак йўлини замонавий форматда қайта тиклашга хизмат қилади. Бу нафақат Ўзбекистон ёки Грузия, балки бутун Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларини глобал таъминот занжирининг ажралмас ва энг хавфсиз қисмига айлантиради.
Шунингдек, Ўзбекистон учун ушбу ташриф Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давомидир. Мамлакатимиз Европа ва Яқин Шарқ дарвозаси ҳисобланган Кавказ минтақасида ўзининг ишончли ва стратегик ҳамкорига эга бўлди. Сиёсий ва иқтисодий манфаатлардан ташқари, Тбилиси марказидаги боғлардан бирига суюкли шоиримиз Алишер Навоий номининг берилиши ўзбек халқи ва маданиятига бўлган чексиз ҳурмат рамзидир.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг Грузияга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда янги асрни бошлаб берди. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон миллий манфаатларини таъминлаш, икки дўст халқ фаровонлигини юксалтириш ва кенг минтақада барқарор иқтисодий тараққиётни кафолатлашга хизмат қилади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси.
ЎзА