Тарихий мерос бебаҳо бойликдир
“Миллий тикланиш” партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейида “Ичанқалъа — тарихимиз манбаи” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Кегейли тумани Кенгаши депутатлари, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчи ва талабалари, музей ва партия ходимлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маърузачилар томонидан тарихий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларни келажак авлодларга безавол етказиш, тарихий обидаларнинг илмий, маънавий-маърифий ва туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Кегейли тумани ҳудудида жойлашган “Ичанқалъа” тарихий-меъморий ёдгорлик мажмуасининг тарихи, бугунги ҳолати ва уни асраб-авайлашга доир вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Манбаларда қайд этилишича, мазкур ёдгорлик XVIII аср охири - XIX аср бошларида қурилган тарихий масканлардан бири ҳисобланади. Ушбу ҳудудда яшаб, фаолият олиб борган буюк зотлар, машҳур уламолар, унинг авлодлари халқни илм-маърифатга, одоб-ахлоқ ва эзгу фазилатларга даъват этишда катта хизмат қилганлар.
“Ичанқалъа” ёдгорлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан муҳофазага олинган объектлар рўйхатига киритилган. Ушбу ёдгорлик аждодларимизнинг илм-фан, маърифат ва бунёдкорлик борасидаги юксак салоҳиятини намоён этадиган, тарихий хотира ва миллий қадриятларни ўзида мужассам этган муқаддас масканлардан биридир.

Семинар давомида “Ичанқалъа” тарихий-зиёрат объектининг муҳим маданий ресурс сифатидаги аҳамияти, уларни илмий ўрганиш, муҳофаза қилиш ва жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, тарихий обидаларни асраб-авайлашда мутасадди ташкилотлар ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, тарихий мерос — бу нафақат ўтмишдан қолган ёдгорликлар, балки миллатнинг ўзлигини англаши, маънавий илдизларини чуқур ҳис этиши ва келажак авлодларга бой тарихий ёдгорликларни етказиши учун муҳим манбадир. Шу боис “Ичанқалъа” каби тарихий масканларни асраб-авайлаш ва уларнинг илмий-маърифий салоҳиятидан самарали фойдаланиш партиянинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири