Тарихий иштирок ва миллий бирдамлик – энг катта ғалаба
Германия пойтахти Берлин шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасида футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати доирасида тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда элчихона ахборот хизмати хабар берди.
Унда Германия жамоатчилиги, ишбилармон доиралар, ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Германияда истиқомат қилаётган ватандошлар бир майдонда жам бўлди. Иштирокчилар Ўзбекистон ва Португалия миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашувни жамоавий томоша қилиш жараёнида миллий терма жамоамизни қўллаб-қувватлади.
Тадбир Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Учрашув натижасидан қатъи назар, кечанинг асосий мазмуни Ўзбекистон футболи тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этаётганини биргаликда нишонлашга қаратилди.
Тадбирни очиб берган мамлакатимиз элчиси Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиши мамлакат спорти тарихидаги унутилмас саҳифа эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Янги Ўзбекистонда спорт соҳасини ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро майдонда мамлакат нуфузини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар бугунги тарихий натижанинг мустаҳкам асосига айланди.
Кеча давомида “Ўзбек футболи: орзу, сабр ва ғурур тарихи” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тадбир якунида эса иштирокчилар ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Германия Бундестагининг Германия-Марказий Осиё парламент гуруҳи раҳбари Кристиан Гёрке:
– Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбир жуда юқори савияда ўтди. Айтиш керакки, ушбу тадбир ҳақиқий ёзги байрамга айланиб кетди – ажойиб об-ҳаво, кўтаринки кайфият ва қизиқарли футбол учрашуви.
Афсуски, Ўзбекистон терма жамоаси мағлубиятга учради, аммо ҳали умид бор. Мен учун бу кеча ўзига хос рамзий аҳамиятга эга, чунки камина Германия-Марказий Осиё парламент гуруҳи раҳбариман. Шунинг учун, мен сизнинг миллий терма жамоангизга мухлислик қилдим. Зеро, Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этмоқда.
Умуман олганда, бизга фуқаролик жамияти ва иқтисодиёт компаниялар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш зарур. Бу борада, афсуски, Германияда визалар билан боғлиқ мураккаб тартиблар мавжуд. Шу сабабли, визаларни енгиллаштириш, айниқса, фуқаролик жамияти вакиллари, ишбилармонлар ва ҳамкорлик алоқалари иштирокчилари учун муҳим аҳамиятга эга. Буларнинг барчаси ҳозирги мураккаб халқаро шароитда ўзаро яқин муносабатлар ўрнатишга хизмат қилади.
Шиша идишлар ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Петер Райх:
– Албатта, биз футбол сабаб бу ерга йиғилдик, аммо натижа энг асосий масала эмас. Футбол – бу ўйин. Муҳими, бугун биз кўплаб яхши инсонлар билан мулоқот қилдик. Ўзбек-немис дўстлиги бугун яна бир қадам олдинга силжиганига ишончим комил. Барчамиз бир жойда йиғилиб, дўстона муҳитда суҳбатлашганимиз жуда қувонарли бўлди. Элчихона раҳбариятига ва ушбу тадбирни ташкил этган барча инсонларга катта раҳмат.
Мен ўн йилдан ортиқ вақтдан буён Ўзбекистон билан боғлиқ лойиҳалар устида ишлаб келяпман. Ҳозирча, очиғини айтганда, кутилган даражада катта натижаларга эришмадик, аммо мен оптимист бўлиб қоламан. Давлатларимиз ўртасида ҳали амалга оширилиши керак бўлган ишлар ва имкониятлар кўп. Бизда яхши ғоялар бор, Ўзбекистонда ҳам мен танийдиган жуда яхши ва ташаббускор инсонлар бисёр.
Июль ойида яна Ўзбекистонга сафар қилишни режалаштиряпман. Мақсадимиз – мавжуд имкониятларни амалиётга татбиқ этиш, Ўзбекистонда янги саноат йўналишларини ривожлантириш, ички бозор ва экспорт учун маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир. Бунинг учун мамлакатингизда барча зарур шарт-шароитлар мавжуд. Биз тадбиркорлар ўзаро янада фаолроқ ишлашимиз зарур ва вақти келиб мавжуд лойиҳаларимизни амалга оширишимизга умид қиламан.
Марказий Осиё бўйича журналист-эксперт Кристиан Гроссе:
– Ўзбекистон элчихонасида Ўзбекистон ва Португалия миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйин муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этаётганимдан мамнунман.
Албатта, Ўзбекистон терма жамоаси учун бу осон учрашув бўлмади. Шунга қарамай, жамоанинг жаҳон чемпионатида иштирок этгани тарихий ютуқдир. Шу муносабат билан бутун Ўзбекистон халқини табриклайман. Ишонаманки, Ўзбекистон терма жамоаси келгуси чемпионатларда ҳам муносиб иштирок этади. Чунки жамоада катта салоҳият ва ривожланиш имкониятлари мавжуд.
Футбол халқлар ва маданиятларни бирлаштиради. Бугунги тадбир ҳам Ўзбекистон элчихонаси ва Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА