Тарихи қадим, бугуни обод Деҳибаланд
ФОТОРЕПОРТАЖ
Нурота шаҳридан 12 километр ғарбда жойлашган Деҳибаланд маҳалласи шимолда Ғозғон, ғарбда эса Орасой маҳалласи билан чегарадош.
Қадимдан Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган Буюк ипак йўли устида жойлашган Деҳибаланд маҳалласи 1997 йилда ташкил этилган. Айни пайтда бу ерда 344 та хонадондаги 532 та оилада 1 минг 468 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Маҳалла ҳудудида 7-умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилоти, болалар футбол майдони ва болалар майдончаси мавжуд. Ушбу масканларда ёш авлодга таълим-тарбия бериш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилган.
[gallery-31775]
Бугунги кунда маҳаллада 7 та савдо дўкони, 2 та сартарошхона, гўзаллик салони, почта алоқа бўлими, 8 та фермер хўжалиги ва 2 та боғдорчилик фермер хўжалиги фаолият юритмоқда.
Ҳудуддаги тарихий қадамжолар — “Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайин”, “Бибиханифа” ҳамда “Ғойибота” зиёратгоҳлари маҳалланинг сайёҳлик салоҳиятини оширмоқда. Бу ерларга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, шунингдек, хориждан зиёратчилар ташриф буюриб, аждодларимиз тарихи ва бой маданий мероси билан танишмоқда.
Зиёратгоҳлар атрофида маҳаллий аҳоли томонидан тайёрланаётган қурут ҳам ҳудуднинг ўзига хос маҳсулоти сифатида сайёҳларга таклиф этилмоқда. Замонавий савдо расталарида сотилаётган мазкур маҳсулот маҳалланинг ўзига хос маҳаллий брендига айланган.
Маҳаллада мустақиллик йилларида барпо этилган, 440 ўринга мўлжалланган икки қаватли замонавий таълим муассасаси ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда 50 нафарга яқин педагог ва мураббий ёшларга таълим-тарбия бермоқда.
Мактабда фан тўгараклари ва спорт машғулотлари йўлга қўйилган. Ўқувчиларнинг касб-ҳунарга қизиқишини ошириш, келгусида ўз фаолият йўналишини тўғри танлашига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳалла инфратузилмаси ҳам йил сайин такомиллашиб, аҳоли учун зарур шароит ва қулайликлар яратилмоқда.
Маҳалладаги тиббиёт пункти биноси замонавий талаблар асосида қайта таъмирланиб, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда 10 нафардан зиёд малакали тиббиёт ходими аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Деҳибаланд қишлоғи марказида аҳоли учун маданият ва дам олиш маркази ҳам барпо этилган. Марказда маҳалла ёшларининг истеъдодини ривожлантириш ва намоён этишга қаратилган турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
Сирож АСЛОНОВ(сурат),ЎзА