Тарихдаги энг йирик крипто жиноят фош этилди
АҚШ ва Буюк Британия ҳамкорликда тарихдаги энг йирик крипто валюта билан боғлиқ фирибгарлик амалиётини фош этди. Расмийлар Камбожалик тадбиркор Чен Жи бошчилигидаги “Prince Group” орқали 14 миллиард долларлик Биткоин ноқонуний йўл билан қўлга киритилганини таъкидламоқда.
Америка Адлия вазирлиги Чен Жини “инсон азоб-уқубатига асосланган жиноий империя” яратишда айблади. Прокурорлар фикрича, компания жабрланувчиларни сохта инвестиция лойиҳалари орқали алдаб, крипто валюта юборишга ундаган.
Тергов ҳужжати Камбожада ўнлаб “фирибгарлик марказлари” ташкил этилгани, ишчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинганидан гувоҳлик бермоқда. “Телефон фирмалари”да минглаб сохта ижтимоий тармоқ аккаунти орқали жаҳон бўйлаб одамлар алданиб, пулини йўқотган.
АҚШ ҳукумати 127 000 дан ортиқ Биткоинни мусодара қилди. Бу тарихдаги энг йирик крипто валюта ўзлаштирилиши ҳолати. Буюк Британия эса Лондонда Чен Жи тармоғига тегишли 19 мулкни, жумладан 100 миллион фунт стерлинг қийматга эга офис биносини музлатди.
Иккала давлат ҳам Чен Жи билан боғлиқ “Prince Group”, “Jin Bei Group”, “Golden Fortune Resorts” ва “Byex Exchange”ни санкция рўйхатига киритди.
Америка расмийлари айбланувчи компания одам савдоси, мажбурий меҳнат ва қийноқ билан шуғулланганини даъво қилди. У ҳозирча қочқин. Мабодо айбдорлиги исботланса, 40 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.
Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер шундай деди:
– Улар заиф инсонларни алдаб, Лондонда ҳашаматли уйлар сотиб олиб, пул ювишган. Бу жиноятларга қарши қатъий чоралар кўряпмиз.
Мусулмон Зиё, ЎзА