Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига оид атамалар эса ҳозирда энг кўп ишлатилади.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!” мавзуида ижодий учрашув ўтказилди.
Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ёзувчи-шоирлар, тилшунос олимлар, вазирлик масъуллари, шунингдек, видеоконференцалоқа шаклида вазирликнинг ҳудудий бўлимлари ходимлари иштирок этди.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда миллий давлатчилигимиз ва ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизни ривожлантириш энг муҳим вазифа бўлиб қолиши, бу йил 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланишига алоҳида тўхталиб ўтган эди.
Тадбирда она тилимизнинг буюклиги, бетакрорлиги ва ўзига хос жозибаси ҳақида сўз бориб, тилни ривожлантириш, такомиллаштиришда замонавий технологиялардан фойдаланиш зарурлиги, она тилимизни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз экани таъкидлади.
Тадбир доирасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан нашрга тайёрланган 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ҳамда “Давлат тилида иш юритиш” услубий қўлланмасининг тақдимоти ўтказилиб, мазкур қўлланма вазирлик марказий аппарати бошқарма ва бўлимларига тақдим этилди. Шунингдек, тизимдаги бошқа корхона ва ташкилотларга мазкур қўлланманинг электрон варианти етказиб берилди.
– Бугунги кунда аҳоли ўртасида кенг фойдаланилаётган турли соҳаларга оид атамаларни ўрганиб чиқяпмиз, – деди Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти масъул ходими Ф.Ҳаитов. – Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига оид атамалар эса ҳозирда энг кўп ишлатилади. Шу боис, бу жараённи вазирлик билан ҳамкорликда янада жадалроқ амалга ошириш режалаштирилган.
Тадбирда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабининг ўқувчилари томонидан тайёрланган ижодий дастур намойиш этилди.