Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани, мазкур қонунга мувофиқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Ҳар йили 21 октябрь санаси юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Айниқса, бу йилги шонли сана – мазкур тарихий воқеанинг 30 йиллиги ўзгача шукуҳ, муносиб тараддуд билан қарши олинди. Бу борада Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарори муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётир.
Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги умумтаълим мактабларида ҳам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг шонли санаси кенг нишонланди. Жумладан, тумандаги 48-умумтаълим мактабида “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Туман ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туманнинг илғор она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, ижодкорлар, мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг аҳамияти, она тилимизнинг ривожланиш тарихи, айни пайтда тил билан боғлиқ кузатилаётган айрим муаммолар ва уларнинг олдини олиш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
– Тилимиз қанчалик қудратли ва бой тарихга эга бўлмасин, айни пайтга келиб ислоҳга муҳтож эди, – дейди туман халқ таълими бўлими услубчиси Шаҳноза Нормаматова. – Кўчалардаги рекламаларнинг имловий хатолари ёки фақат чет тилларида эканини ёки айрим хусусий телеканаллар кўрсатувларидаги шеваларни оласизми, тилимизга доир қонунчиликда белгиланган талаблар бузилаётганини кўришимиз мумкин эди. Мана шулардан келиб чиқиб, куни кеча эълон қилинган Президентимизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони айни пайтда қабул қилинган муҳим ҳужжат, деб ўйлайман. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ўзбек тилини ривожлантириш, “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш, “Ўзбек тили байрами куни”ни белгилаш каби муҳим вазифалар белгилангани она тилимизни янада ривожлантириш, нуфузини оширишга хизмат қилади.
Тадбир доирасида мактаб ўқувчиларининг ҳунармандчилик, каштачилик, технология каби йўналишлар бўйича ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, ўзбек адабиёти етук вакилларининг тилимизни улуғловчи мисралари ёддан ўқилиб, асарлари асосида саҳналаштирилган бадиий дастур намойиш этилди.