Тарихчи устозлар байрам билан қутланди
Юртимизда 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбирлар давом этмоқда.
Юртимизда 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбирлар давом этмоқда. Ана шундай шукуҳли тадбирлардан бири Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Тарих факультетида бўлиб ўтди.
ФАКУЛЬТEТДАН ОЛТИ НАФАР АКАДEМИК ЧИҚҚАН
Бугунги кунда республикамиздаги тарихчи мутахассислар тайёрлаш бўйича етакчи илм даргоҳларидан бири ҳисобланган мазкур муассасада бир нафар академик, 7 нафар профессор, 26 нафар фан номзоди, шунингдек, яна шунча малакали педагог-ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Улар юртимизнинг бўлажак тарихчи, археолог, антрополог, шунингдек, архив соҳаси мутахассисларига таҳсил беришяпти.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, факультетнинг биргина археология кафедрасидан турли даврларда олти нафар академик чиққан. Бугунги кунда ҳам мазкур даргоҳдаги учта илмий мактаб республикамизни салоҳиятли кадрлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этяпти. Факультет педагогик жамоаси жаҳонда ҳам ўз ўрнига эга.
ТАНТАНАЛИ ТАДБИР ТОНГДАН БОШЛАНДИ
Кўтаринки руҳни кун бошидан бошлаш учун факультетга ташриф буюраётган профессор-ўқитувчилар скрипка садолари остида тантанали қаршиланди. Талабалар ташаббуси билан ташкилланган эрталабки чиқишларда юртимиз атоқли шоирларининг ўқитувчиларни мадҳ этувчи шеърлари ўқилди. Устозларга бағишланган мушоира китобхон талабаларнинг ўқитувчиларга туҳфаси бўлди.
Дарс машғулотлари бошлангач, қутловлар гуруҳларда давом этди. Дарсларнинг кириш қисмида мазкур факультетда узоқ йиллар фаолият юритган, республикамизда тарих соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган профессор-ўқитувчилар хотирланди.
УСТОЗ-ШОГИРДЛИК АНЪАНАСИ БАРДАВОМ БЎЛСИН

Машғулотлар ниҳоясида факультетнинг профессор-ўқитувчилари бир ерга жамланди. Тантанали тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан академик Анатолий Сагдуллаев йиғилганларни байрам билан қутлади.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган истиқболли ислоҳотлар ўқитувчини жамиятимизнинг энг ҳурматли кишисига айлантиришни мақсад қилган. Бу профессор-ўқитувчилар учун ҳам катта шараф ва айни пайтда улкан масъулиятдир. – дейди Анатолий Сагдуллаев. – Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида бугун Ўзбекистон Миллий университети флагманга айланяпти. Бунда профессор-ўқитувчиларнинг ҳиссаси ва меҳнати улкан.
Олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири факультетимиздаги устоз-шогирдлик анъанасини янги босқичга кўтариш, илмий салоҳиятли ёш кадрларимиз сафини янада кенгайтиришдан иборат. – деб сўзида давом этди академик Сагдуллаев. – Биз бу борада фақат Сиз азиз устозларга суянамиз ва мамлакатимиз тарих илми келажагини Сиз каби фидойиларнинг заҳматли меҳнатида деб биламиз.
Тадбир давомида ўтган ўқув йилида фаоллик кўрсатган бир қатор профессор-ўқитувчилар факультет маъмурияти томонидан тақдирланди. Тақдирлаш маросими талаба-ёшлар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар ва куй-қўшиққа уланиб кетди.
Ҳикматжон ПОЛВОНОВ,
декан ўринбосари