“Тараққиёт”да янги тиббиёт муассасаси ишга тушди
Сирдарё тумани “Тараққиёт” маҳалласида илгари фойдаланишда бўлган, аммо етарли шароитга эга бўлмаган, замон талабларига жавоб бермай қолган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиниканинг 1-сон филиали 2-бўлими замонавий қиёфада қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур муассаса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида реконструкция қилиниб, тўлиқ замонавий талаблар асосида жиҳозланди. Бу эса аҳолига яқинлаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада мустаҳкамлаш, профилактика ишлари самарадорлигини ошириш ҳамда дастлабки ташхис имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.


Филиалда бир нафар оилавий шифокор ва беш нафар ҳамшира фаолият олиб боради. Улар қарийб 3 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, беморлар саломатлигини доимий кузатиш ҳамда зарур ҳолларда тезкор тиббий ёрдамни ташкил этиш вазифаларини бажаради. Шунингдек, 4 ўринли қисқа муддатли стационарнинг йўлга қўйилиши беморларни кузатув ва даволаш жараёнларини янада самарали ташкил этиш имконини бермоқда.

– Янги очилган ушбу тиббиёт муассасаси нафақат тиббиёт ходимлари учун муносиб иш шароити, балки аҳоли учун ҳам замонавий ва қулай тиббий хизматлар мажмуасини тақдим этади. Энг муҳими, бу ерда бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактик чораларни кучайтириш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳар бир фуқаро ўз яшаш ҳудудида тезкор ва сифатли тиббий хизмат олиш имконига эга бўлади. Шунингдек, қисқа муддатли стационар орқали беморларни кузатув ва даволаш жараёнларини самарали ташкил этиш мумкин. Бу эса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим қадамдир, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Акромжон Азизқулов.


Тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги, туман тиббиёт бирлашмаси масъуллари, соҳа ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Иштирокчилар янги муассасада яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, бундай лойиҳалар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири