Тараққиётнинг муҳим омили
Миллий матбуот марказида «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик-тижорат банки томонидан тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик-тижорат банки томонидан тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.«Қишлоқ қурилиш банк» бошқаруви раисининг ўринбосари А.Муродов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида жорий йилнинг ўтган даврида 21,4 мингта янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг саноатдаги улуши 34,6 фоиз, бандликни таъминлашда 77,5 фоизга етганини таъкидлади.
42 филиал, 233 банк шохобчаси орқали 550 мингдан зиёд мижозга банк хизматларини кўрсатиб келаётган «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик-тижорат банки томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.
2015 йилнинг тўққиз ойида банк томонидан кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга 490,3 миллиард сўм кредитлар, жумладан, микрокредитларга 135,9 миллиард сўм ажратилди. Рақобатбардош истеъмол товарларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ички истеъмол бозорини бойитиш, янги корхоналар очиш ҳамда мавжудларини модернизациялаш, технологик қайта жиҳозлашга йўналтирилган кредитлар миқдори 195,3 миллиард сўмни ташкил этди.
Хотин-қизларни бизнес фаолиятига кенг жалб этиш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш мақсадида 61,3 миллиард сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, 15,7 миллиард сўм ҳажмидаги кредитлар касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бизнес-лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилди. 23,6 миллиард сўмлик кредитлар оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари фаолиятини кенгайтириш, техник ва технологик янгилаш, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлашга 348,8 миллиард сўмдан зиёд инвестиция йўналтирилди.
Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш юзасидан амалга оширилган ишлар натижасида саноатда 107,9 миллиард, қишлоқ хўжалигида 15,1 миллиард, транспорт-коммуникация тармоғида 50,1 миллиард, қурилишда 34,4 миллиард, ижтимоий соҳада 117,9 миллиард ҳамда моддий-техник таъминот ва маиший хизмат кўрсатишда 30 миллиард сўмлик лойиҳаларга инвестиция кредитлари ажратилди.
Республика ҳудудларини 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ 813 лойиҳага ажратилган 71,8 миллиард сўмлик кредитлар ҳисобига 6482 янги иш ўрни яратилди.
Тадбирда аҳолининг намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ҳамда ёш оилалар учун «Камолот» уйлари қуриш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Журналистларнинг саволларига банк мутасаддилари жавоб қайтарди.