Танловда қонунбузилиш ҳолати рўй берган(ми)?
Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманидаги 77- ва 45-умумтаълим мактаблари директорлиги учун ўтказилган танловларга доир ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўрганилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати томонидан берилган расмий муносабатда қайд этилишича, ўрганиш жараёнида Тўрткўл туманидаги 77-сонли мактаб директорлиги лавозими учун ўтказилган танлов жараёнида тамагирлик, таниш-билишчилик ва қонунбузилиш ҳолатлари рўй берганлигига доир хабарлар ўз тасдиғини топмади.
Шунингдек, мазкур лавозимга номзод сифатида кўрсатилган Тўрткўл туманидаги 63-сонли мактаб директори ўринбосари А.Э. томонидан танлов жараёнларида тамагирлик ёки бошқа коррупция ҳолатига дуч келинмаганлиги қайд этиб ўтилди.
Тўрткўл туманидаги 45-сонли мактаб директорлиги учун аризаси қабул қилинган номзодларнинг ҳужжатлари ҳозирда ўрнатилган тартибда ўрганилмоқда. Ушбу номзодлар иштирокида ўтказиладиган суҳбат синов жараёнлари вақти ва бошқа маълумотлар хусусида иштирокчилар хабардор қилинади.
Маълумот учун: амалдаги тартибга кўра, умумтаълим мактабларининг вакант директор лавозимлари учун номзодлар белгиланган малака талабларига жавоб берадиган ҳамда менежерлик сертификатига эга бўлган номзодларнинг manager.uzedu.uz порталига юборган аризалари орқали саралаб олинади.
Шундан сўнг ҳудудий Директорлар кенгаши томонидан номзодлар иштирокида суҳбат ўтказилади ва унинг якунлари бўйича Директорлар кенгашининг тавсияси асосида энг яхши, деб топилган номзод мактаб директорлиги лавозимига ишга қабул қилинади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири