Танлов савдоси бекор қилинди
Аутсоринг хизмати кўрсатиш юзасидан тендер савдосини ўтказилишидан кўзланган мақсад, нисбатан арзон, сифатли хизмат кўрсатувчини танлаш, шунингдек, шаффофлик ва тенг рақобатни таъминлаш кўзда тутилади. Минг афсуски, бу борада айрим мутасаддилар ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб, турли қинғирликларни ўйлаб топмоқда.
Тендер савдосидаги ана шундай қинғирликлардан бири Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш қўмитаси Aндижон вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан фош этилди.
Андижон вилояти Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида ўтказилган “Овқат тайёрлаш хизматини аутсорсинга бериш” бўйича бошланғич нархи 1 миллиард 235,2 миллион сўм бўлган лот xarid.uzex.uz махсус платформаси орқали энг яхши таклиф савдоси ўтказилган.
Мазкур танлов савдосида иштирок этиш учун учта иштирокчи, яъни “Маржон текс савдо”, “Ғайратбек 2020” ҳамда “Силвер споон перфеcт” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан “etender.uzex.uz” махсус электрон ахборот портали орқали онлайн тартибида ўзларининг тижорий таклифлари ва буюртмачининг талабларига асосан тегишли маълумот ва ҳужжатлар жойлаштирилган.
Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида ўтказилган танлов савдоси учун буюртмачи томонидан қўйилган мезон (критерия)лар бўйича савдо иштирокчилари белгиланган тартибда электрон шаклда ҳужжатлар топширилган бўлса-да, бироқ буюртмачининг масъул ходими томонидан асослантирилмаган ҳолда балл берилганлиги, жараён мутахассислар томонидан ўрганилганда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунлари талабларига белгиланган тартибда риоя этилмаганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги ҳолатларга мувофиқ, Пахтаобод туман тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида ўтказилган “Овқат тайёрлаш хизматини аутсорсинга бериш” юзасидан, бошланғич нархи 1 миллиард 235,2 млилолион сўм бўлган танлов савдоси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан бекор қилинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА