Таниқли режиссёр Тимур Бекмамбетовдан сабоқлар
«Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалининг охирги куни ҳам қизғин суҳбат ва мунозараларга бой ўтмоқда.
Фестивал доирасидаги тадбирлар ўтказиладиган махсус майдончаларда меҳмонлар ва ижодкорлар иштирокида журналист ва блогерлар учун ижодий учрашувлар ва интервьюлар ташкил этилди.
Ижодий учрашувлардан сўнг россиялик таниқли кинорежиссёр Тимур Бекмамбетов тажриба ва маҳоратлари билан ўртоқлашди.
Қизғин мунозараларга бой ўтган учрашувда Тимур Бекмамбетов ижоди ва фаолияти ҳақида ёшларга сўзлаб берди.

– Режиссёр учун асосий таянч сценарий ҳисобланади, – дейди Тимур Бекмамбетов.– Аммо режиссёр иқтидорсиз бўлса, яхши сценарийни ҳам йўққа чиқариши мумкин. Режиссёр доим янги ғоялар билан ҳамнафас бўлиши керак. Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган халқаро фестивалдан мақсад ёшларнинг соҳавий билимларини ошириш ва уларнинг имкониятларини янада кенгайтириш бўлгани учун беш кун асосан ёшлар билан бўлдим. Уларнинг мақсадлари ва орзулари билан қизиқдим. Намойиш учун ҳам асосан ёш ижодкорлар билан ишланган турли жанрлардаги картиналарни олиб келдик.
Маълумот учун: Тимур Бекмамбетов кинофестивалда ташкил этилган «Кино 5 кунда» танловида ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида қатнашди, кинофестиваль доирасида режиссёрнинг фильмлари ҳам намойиш этилди.
Д. Маматова, ЎзА