Таълимни ривожлантиришда ҳамкорлик муҳим
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Меморандумга кўра, эндиликда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишда, таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, инновацион ва технологик ғояларни ривожлантириш, шунингдек, илмий салоҳиятни ошириш, илмий лойиҳаларни ҳамкорликда бажариш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш белгиланди.

– Ҳозирги кунда тезлик билан ривожланиб бораётган барча соҳаларда, шу жумладан, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро самарали ҳамкорлик талаб этилмоқда, – дейди ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи, полковник Олимжон Аҳмедов.
– Профессионал таълим тизими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу таълим муассасаси билан ўрнатилаётган ҳамкорлик йўналишлари кенг қирралидир.

Жумладан, инновацион педагогик ва ахборот технологияларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, ўқитишнинг замонавий шакллари ва усулларини ўқув жараёнига жорий этишда методик ёрдам кўрсатиш, ахборот технологиялари, психологик хизмат соҳасида, педагогик маҳоратни ошириш ва бошқа йўналишлар бўйича тажриба алмашиш мақсадида услубий ҳамкорликни ташкил этиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини ҳамкорликда бажариш, таълим соҳасида педагогик-психологик муаммолар бўйича ташкил этиладиган семинар, илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатларида иштирок этиш, масофавий таълим тизимини йўлга қўйиш, очиқ дарс ва мастер класслар ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорлик амалга оширилади.
– ИИВ Малака ошириш институти билан ҳамкорлик биз учун ҳам муҳим, – дейди Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти директори, иқтисод фанлари доктори, профессор Зайниддин Худойбердиев.

– Ўзаро ҳамкорлик меморандумига асосан, ўқитишнинг замонавий инновацион шакл ва усуллари, ўқув жараёнини самарали ташкил этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, ўқув жараёнига малакали мутахассисларни жалб қилиш, норматив-ҳуқуқий, методик ва таҳлилий хусусиятга эга бўлган маълумотларни алмашиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, ўқув, илмий ва бошқа адабиётларни алмашиш кабилар амалга оширилади.
Шунингдек, иккала таълим муассасалари раҳбарлари келгусида меморандумда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олди.
Тадбир доирасида ИИВ Малака ошириш институтининг бир қатор профессор-ўқитувчилари таълим муассасаси фаолиятини такомиллаштириш, профессионал таълим муассасалари кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнини инновацион ёндашув асосида ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишдилар.
Гулноза Бобоева, ЎзА