Таълимдан тараққиётгача: “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стратегик роли
Бугунги кунда ҳар бир давлатнинг барқарор ривожи, аввало, унинг инсон капитали салоҳиятига боғлиқ. Шу маънода Ўзбекистонда таълим соҳасининг тубдан янгиланаётгани бежиз эмас. Таълим эндиликда фақат билим бериш тизими эмас, балки жамият тараққиётини белгиловчи стратегик восита сифатида қаралмоқда.
Давлат сиёсати даражасида ушбу йўналишга устувор аҳамият берилиши, профессионал ва рақобатбардош кадрларни тайёрлашни асосий вазифалардан бирига айлантирди. Ана шу жараёнда “Эл-юрт умиди” жамғармаси инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилаётган муҳим институт сифатида ажралиб туради.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги фармони асосида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг қайта ташкил этилиши ушбу йўналишда янги босқични бошлаб берди. Жамғарма фаолияти эндиликда оддий стипендия дастуридан кенгроқ маъно касб этиб, стратегик кадрлар тайёрлаш тизимига айланди.
Жамғарманинг асосий мақсади, дунёнинг етакчи таълим ва илмий марказларида таҳсил олган мутахассислар орқали мамлакат ички салоҳиятини мустаҳкамлаш. Бу ёндашув бошқа таълим тизимларидан фарқли равишда, халқаро билим ва кўникмаларни эгаллаш ва буни миллий тараққиётга йўналтиришга қаратилган.
Шу боис, жамғарма фаолиятида STEM, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, ижтимоий соҳалар ва давлат бошқаруви каби устувор йўналишлар аниқ белгиланган.
Муҳим жиҳатлардан яна бири, танлов жараёнларининг шаффофлиги ва очиқлигидир. My.gov.uz платформаси орқали ариза топшириш тизимининг жорий этилиши коррупцион хавфларни сезиларли даражада қисқартирди.
[gallery-28690]
Танлов комиссиясига нодавлат сектор вакилларининг жалб этилиши эса баҳолашнинг холислигини таъминлашга хизмат қилмоқда. 2025 йилда 15 мингдан ортиқ номзод орасидан 237 нафар стипендиатнинг саралаб олиниши юқори рақобат муҳитини кўрсатади.
Халқаро ҳамкорлик йўналиши ҳам жамғарма фаолиятининг муҳим таркибий қисмидир. “Fulbright”, “Chevening”, “British Council”, “Türkiye Bursları” каби нуфузли дастурлар билан ҳамкорлик, шунингдек, Оксфорд университети, Сукуба университети ва бошқа етакчи таълим муассасалари билан қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани глобал интеграциянинг амалий натижасидир. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонни минтақавий таълим марказига айлантириш стратегиясига хизмат қилади.
Шунингдек, жамғарма фаолияти фақат таълим билан чекланиб қолмай, битирувчиларни миллий иқтисодиётга интеграция қилишни ҳам ўз ичига олади.
Ягона рақамли база орқали стипендиатларнинг ривожланиш йўли мониторинг қилиниши, уларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш тизимининг яратилгани кадрлар сиёсатининг тизимли йўлга қўйилганидан далолат беради.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистонда таълим ва кадрлар сиёсатини янги босқичга олиб чиқаётган муҳим стратегик институтдир. У нафақат иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлайди, балки мамлакатнинг узоқ муддатли ривожи учун зарур бўлган профессионал кадрлар захирасини шакллантиради.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида бу каби ташаббусларнинг аҳамияти янада ортади. Зеро, замонавий дунёда рақобат фақат ресурслар эмас, балки билим ва салоҳият устига қурилмоқда.
Шу боис, “Эл-юрт умиди” жамғармаси мамлакат келажагини бунёд этувчи билимли ва етук авлодни тарбиялашда муҳим таянч бўлиб қолади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА