Таълимдаги ислоҳотлар Гулистон давлат педагогика институти мисолида
Бугун Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб сўзламасликнинг иложи йўқ.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар ҳал қилувчи босқичга кирди. Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб олинган. Илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Контцепцияси соҳадаги янги ислоҳотларни амалга ошириш учун дастуруламал бўлиб келмоқда. Гулистон давлат педагогика институтида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Институтда етук, малакали кадрлар ва профессор-ўқитувчилар ёшларга таълим беришади. Профессор-ўқитувчилар сони 133 та, илмий салоҳият эгалари 35 % ни ташкил этади. Институтда таълим олаётган докторантлар сони 25 та, мустақил изланувчилар сони 25 та, магистрлар сони 125 та, талабалар сони 5173 тани ташкил этади. Бакалавриат таълимига 19 та йўналишда, магистратура йўналишига 10 та йўналишда талабалар қабул қилинади. Хорижий олий таълим муассасаларида 50 дан ортиқ профессор-ўқитувчиларимиз амалий билим ва кўникмаларини ўртоқлашиш учун бўлиб қайтдилар. Таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга ва илмий соҳада мақолалар ва дарсликларни ҳаммуаллифликда нашр этишга келишиб олишди.

Талабалар илмий салоҳиятини ошириш мақсадида турли семинар-тренинг ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 мартдаги 149-сонли қарори юзасидан институтда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва билимга чанқоқ ёшлар учун тенг шароит яратиш мавзусида очиқ ва самимий мулоқотлар ўтказилмоқда.
Китобга меҳр, билимга интилиш ва юксак мақсад сари ҳаракатга ундайди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Ёш китобхон” танловининг республика босқичи якунига етди. Қилинган меҳнатлар эса ўз самарасини берди – институтимиз талабаси юқори натижа қайд этиб, фахрли ўринларни эгаллади. Фахр билан таъкидлаймизки, Гулистон давлат педагогика институти Педагогика факультети Мактабгача таълим йўналиши 2-босқич 13–23 МТ гуруҳи талабаси Муродова Шаҳнозабону Абдураҳмон қизи танловнинг 15–19 ёш тоифасида иштирок этиб, юрт миқёсида фахрли 2-ўринни эгаллади. Ушбу ютуқ Гулистон давлат педагогика институтининг ёш мутолаачилари учун илҳом манбаи бўлди десак адашмаймиз.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2023 йил 8 августдаги “Ёшлар академияси фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида”ги 349-сон буйруғининг 2.1-банди ижроси юзасидан Гулистон давлат педагогика институтида Ёшлар академияси лидерлари тизими йўлга қўйилган. Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев доимо шундай таъкидлайдилар: “Ҳаракат қилган инсон албатта яхши натижага эришади”. Шунга амал қилган ҳолда талабаларимиз бир қанча ютуқларга эришиб келмоқда. Сирдарё вилоятидаги учта олий таълим муассасаси орасидан айнан Гулистон давлат педагогика институти талабаси Сирдарё вилояти Ёшлар Академияси ҳудудий лидери этиб сайланди! Ушбу шарафли мақомга институтимизнинг 1-босқич магистранти Дониёр Эрбутаев лойиқ деб топилди. Бу ютуқ – Гулистон давлат педагогика институтининг илмий савияси, таълим сифати ва талабаларининг фаоллиги юқори даражада эканининг исботи! Институтимиз нафақат мустаҳкам билим, балки ташаббускорлик ва етакчилик қобилиятларини шакллантиришга ҳам катта эътибор қаратади. Илм ва фидойиликни устувор қўйган талабаларимиз бугун жамиятнинг турли жабҳаларида илғор натижаларга эришмоқда.

Янги Ўзбекистонда кундан-кун янгиланиш ва ўзгаришлар рўй бермоқда. Энг аввало, юртбошимиз ва давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган кенг имкониятларни айтиб ўтишимиз лозим. Гулистон давлат педагогика институтида талабаларнинг чуқур билим олишлари учун замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган янги 1000 ўринли бино қурилди. Ёшларнинг олий таълим билан қамрови ошиб бориши билан бир қаторда, ётоқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Институтимизда талабалар учун барча қулайликларга эга 400 ўринга мўлжалланган янги 2-талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.

Вилоятимиз ҳокими бошлаб берган “Китоб улашиб, маърифат тарқатиб” эзгу ташаббусини давом эттирган ҳолда Гулистон давлат педагогика институти барча раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари ўзлари таълим олган мактабларга бориб китоб совға қилдилар. Ушбу хайрли иш ёш авлоднинг китобга бўлган меҳрини ошириш, уларни илм олишга рағбатлантиришга хизмат қилади.

Миллий либослар халқимизнинг бой тарихи, маданияти ва анъаналарини акс эттирувчи бебаҳо меросдир. Уларнинг ҳар бир нақши ва рангларида чуқур маъно мужассамдир. Гулистон давлат педагогика институтида миллий қадриятларимизга ҳурмат билан ёндашилиб, уларни тарғиб этиш ва ёшлар орасида кенг ёйиш муҳим аҳамият касб этади. Институтда ҳафтанинг ҳар жума ва шанба кунлари миллий қадриятларимизни ёшлар орасида кенг ёйиш ва уларни тарғиб қилиш мақсадида “Миллий либослар” куни бўлиб, бу кунда барча талабалар, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар миллий либосларда келиб, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга ҳурмат ва эҳтиром билан фаолиятларини давом эттиришади. Миллий либос – бу шунчаки кийим эмас, балки бу бизнинг кимлигимизни кўрсатиб берувчи миллийлик белгисидир. Уни асраш, уни севиш – бу Ватанга бўлган ҳурмат ифодасидир. Миллий либосларимизни фахр билан кийиб, ёш авлодларга авайлаб-асраб етказиб бериш вазифамиздир.

Гулистон давлат педагогика институтида “Тадқиқот ишларини ёзиш ва нашр этиш талаблари” мавзусида семинар-тренинглар ҳам ўтказилади. Улардан бири хорижий эксперт Сеед Моҳамед Буҳарй Моҳамед Аршад иштирокидаги замонавий илм-фан тараққиётида халқаро маълумотлар базаларининг ўрни ва илмий экспертиза тизимининг аҳамияти ҳақидаги семинар-тренингдир. Илмий-техник адабиётлар билан ишлаш ва илмий тадқиқот натижаларини халқаро (Scopus, Web of science) базаларидаги нашрларга тайёрлаш бўйича зарур бўлган методик ёндашув ҳамда кўникмалар ҳақидаги бундай семинар-тренинглар кўплаб ташкил этиб келинмоқда.

Спорт нафақат инсоннинг жисмоний саломатлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради, балки тиришқоқлик, сабр-тоқат, етакчилик фазилатлари, қатъиятлилик, мулоқот қобилиятлари ва жамоа руҳини тарбиялашга имкон беради. Шу боис мамлакатимизда аҳоли ва айниқса, ёшларнинг жисмоний тарбиясига катта эътибор қаратилмоқда. Институтимизда спортга бўлган эътибор доимий равишда ошиб бормоқда.

Талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида ўтказилаётган “Ректор кубоги”, “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Олимпиада доирасида футбол, стол тенниси, волейбол, енгил атлетика ва стритбол спорт турлари бўйича оммавий мусобақалар ташкил этилмоқда. Талабалар беллашувларда юқори фаоллик кўрсатиб, спортга бўлган қизиқишлари ва жисмоний тайёргарликларини намоён этишмоқда.
Ж.Каршибаев,
Гулистон давлат педагогика институти ректори,
Сирдарё вилояти халқ депутатлари кенгаши депутати