Таълим ва ишлаб чиқариш уйғунлашмоқда
Ширин шаҳрида дуал таълим тизимини ривожлантириш, касб-ҳунар таълими сифатини ошириш ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларига мос малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда таълим муассасалари, давлат ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари иштирок этиб, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ширин шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова, Сирдарё вилояти Касбий таълим бошқармаси бошлиғи Шоҳиста Намозова, касб-ҳунар таълими муассасалари раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар масъуллари иштирок этишди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 163-сонли «Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида дуал таълим тизимини ҳудудда самарали ташкил этиш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўқув жараёнини ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштириш ҳамда ёшларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, дуал таълим тизими ўқувчиларнинг назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлаш, замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш ҳамда уларни келгусида меҳнат бозорида рақобатбардош кадр сифатида тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Бундай ҳамкорлик иш берувчиларга ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда кадрлар тайёрлаш имконини берса, ёшлар учун доимий иш ўринларига эга бўлиш имкониятларини кенгайтиради.


— Дуал таълим — таълим муассасаси билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликнинг энг самарали шаклларидан бири. Бу тизим ўқувчиларга назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, корхоналарга эса ўз эҳтиёжларига мос малакали кадрлар тайёрлаш имконини яратади. Натижада битирувчиларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлиги ошади, иш билан таъминланиш даражаси юксалади. Шу боис вилоятимизда дуал таълим қамровини кенгайтириш ва иш берувчилар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади, — дейди Сирдарё вилояти Касбий таълим бошқармаси бошлиғи Шоҳиста Намозова.
Йиғилишда таълим дастурларини ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мослаштириш, ўқувчилар учун корхоналарда зарур шарт-шароитлар яратиш, амалий машғулотлар сифатини ошириш ҳамда иш берувчиларнинг таълим жараёнидаги иштирокини кенгайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Учрашув якунида 10 дан ортиқ корхона ва ташкилот билан ҳамкорликда 120 нафар ходимни дуал таълим тизими асосида ўқитиш бўйича келишувга эришилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири