Таълим тизимидаги ишлар муҳокама қилинди
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Гулистон шаҳридаги "Ниҳол" номли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, бу ерда тарбияланаётган жажжи болажонлар ва уларнинг тарбиячилари, "Баркамол авлод" болалар мактабида фаолият кўрсатаётган тўгаракларда таълим олаётган ўқувчилар ва уларнинг устозлари билан учрашди. Вазир учрашув давомида жажжи болажонлар ва ўқувчи- ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, уларнинг фикрларини тинглади.
Шундан сўнг Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида мактабгача ва мактаб таълими вазири раислигида Сирдарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, туман, шаҳар мактабгача таълим бўлимлари, Президент мактаби, ихтисослашган мактаб ҳамда умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида офлайн ва онлайн тарзда йиғилиш ўтказилиб, унда мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш, фан олимпиадаси иштирокчиларини рағбатлантиришга қаратилган Президентимизнинг фармон ва қарорлари ижроси тўғрисида сўз юритилди.
Шу билан бирга, ўқувчиларнинг фан олимпиадаларидаги иштироки, педагогларнинг сифат таркиби ва салоҳиятини ошириш, хорижий тилларни ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, болалар спортини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар муҳокама этилди.
Мактабгача ва мактаб таълими тизимини такомиллаштириш, таълим кўрсаткичларини ошириш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, муҳокама этилган соҳалар бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва улар асосида ишни ташкил этиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири