Таълим тизимида халқаро ҳамкорлик
Бухоро давлат университетига Саудия Арабистон Қироллигининг Фан ва технология университети (КАУСТ) президенти, профессор Тони Чан ва КАУСТ ректори, доктор Теофило Абражано ташриф буюрди.
Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов меҳмонларни кутиб олди. Тегишли соҳаларда кенгайтирилган музокара ва келишувлар олиб борилди.
Меҳмонлар Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов билан биргаликда яшил энергетика ҳудуди, “Бизнес Акселератор” ҳамда унинг таркибидаги Робототехника маркази фаолияти билан танишди. Ахборот ресурс марказида талабалар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Университетдаги ВАТЕЛ қўшма таълим дастури билан ҳамкорликдаги талабалар фаолияти, талаба-ёшлар учун спорт борасида яратилган имкониятлар меҳмонларга катта қизиқиш уйғотди. Танишув жараёнида меҳмонлар ўртасида таълим масаласида ўзаро ҳамкорлик олиб бориш юзасидан сўз борди.
[gallery-9261]
– Бухоро азал-азалдан илм-маърифат ўчоғи ва маърифат бешиги бўлиб келган, – дейди профессор Тони Чан. – Бухорода жуда кўплаб соҳаларда катта салоҳият мавжуд. Жаҳон эътироф этадиган бу қадим шаҳар ҳали-ҳануз ўз фарзандлари билан фахрланса арзийди. Ҳозиргача бу заминда туғилган олимлар Абу Али ибн Сино, Имом Бухорийларнинг илмий меросини жаҳон олимлари тадқиқ этади. Саудия Арабистони фан ва технологиялар университети (КАУСТ) ҳам бухоролик илм аҳли билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали тегишли йўналишларни барқарор ривожлантиришни мақсад қилган. Университетимизда бугунги кунда дунёнинг 20 га яқин давлатидан талабалар таҳсил олмоқда. Бухоро давлат университетига ташрифимиз чоғида ўзбекистонлик талабалар учун ҳам КАУСТда ўқиш бўйича имконият яратишни кўзлаганмиз.
–Бухоро илм-маърифат бобида “Нур” шаҳри десак муболаға бўлмайди, – дейди Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов. – Ислом давлати ва ислом маданияти маркази сифатида Саудия Арабистонига тегишли олий таълим муассасаларга қизиқиш жуда катта. Ҳар бир давлатда бўлгани каби бу мамлакатда ҳам илм-фан ва таълим кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Ўрта Осиё ва араб уламолари азал-азалдан ўзаро алоқаларда ҳамфикр бўлган. Айни даврда шундай тарихий алоқаларни қайта йўлга қўйишда дастлабки қадамларни қўяётганимиздан мамнунмиз. Бухоро давлат университети фундаментал фанлар бўйича тадқиқотлар олиб бориш соҳасида етарлича куч ва илмий асосга эга.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш учун зарур бўлган бир қатор соҳаларда халқаро ҳамкорлик алоқаларини таъминлаш, бу борада КАУСТ профессор-ўқитувчиларини Бухоро давлат университети илмий салоҳиятини янада кўтариш, фан номзодлари, докторлари тайёрлаш борасида иштирок этиши учун шароит яратиш, БухДУ тадқиқотчиларини Саудия Арабистонига юбориш масалалари бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА